22 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Жанубий Кореянинг собиқ президенти 31 декабрь куни афв этилади
Жанубий Кореянинг собиқ президенти, мансаб ваколатини суиистеъмол қилгани учун қамоқ жазосини ўтаётган Пак Кин Хе 31 декабрдан бошлаб авф этилади, деб хабар қилди мамлакат Адлия вазирлиги.
“Ҳукумат 2022 йил арафасида 3094 кишини, жумладан, собиқ президентни афв этиш тўғрисида қарор қабул қилганини маълум қилди. Фуқароларни бирлаштириш мақсадида узоқ муддатли қамоқ жасони ўтаётган собиқ президент Пак Кин Хе афв этилсин ва ҳуқуқлари тиклансин”, - дейилади департамент баёнотида.
“Гуманитар нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолда, авф этиладиганлар орасида кексалар ёки оғир беморлар бор”, — деди бош вазир Ким Бу Гём йиғилишда. Унинг қўшимча қилишича, жорий афв этиш фуқароларни Янги йил олдидан ва давом этаётган коронавирус пандемиясининг оғир шароитларида бирлаштириши керак.
«Рёнгхап» агентлиги хабарига кўра, Пак Кин Хе ҳам бу йил уч марта касалхонага ётқизилган. Тахминларга кўра, унинг беморлиги афв этилишига сабаб бўлган.
Пак Кин Хе 2017 йилнинг март ойида мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва порахўрликда айбланиб лавозимидан четлаштирилган эди. У дугонаси Чхве Сун Силь билан тил бириктирганликда – Samsung ва Lotte каби йирик корпорацияларни Сун Силь назорати остидаги фондларга 77,4 миллиард вон хайрия қилишга мажбурлаганликда айбланган. Шунингдек, собиқ президент ва унинг ёрдамчилари мамлакат Миллий разведка хизматининг уч собиқ раҳбаридан 3,5 миллиард вон олганлиги аниқланди.
2018 йилда Пак Кин Хе 30 йиллик қамоқ ва тахминан 17 миллион доллар жаримага тортилган эди. 2019 йилда Олий суд қайта кўриб чиқиш учун ишни қайтарди, шундан сўнг 2020 йил июль ойида Сеул Олий суди собиқ президент ўз жиноятларидан “камроқ шахсий манфаат кўрганини” ҳисобга олиб, қамоқ жазосини 20 йилга қисқартирди ва унинг корпорациялар билан уюштирган товламачилик ҳақидаги даъволарини бекор қилди. 2021 йил январида Жанубий Корея Олий суди ниҳоят собиқ президентга 20 йиллик муддатни маъқуллади. Пак Кин Хе, шунингдек, 180 миллиард вон жарима ва 35 миллиард вон товон пули тўлаши керак.
Собиқ президент 2018 йилда ўша пайтдаги ҳукмрон «Сэнури» консерватив партияси номзодини кўрсатиш жараёнига ноқонуний аралашгани учун берилган икки йиллик қамоқ жазосини қўшиб, 22 йил қамоқда ўтириши керак эди. У тўрт йилу тўққиз ой ўтирди.
Шунингдек, жорий афв остида Жанубий Кореянинг собиқ бош вазири ва биринчи аёл бош вазир Хан Мён Сук қайта тикланди. 2015 йил августида у 900 миллион вон (ҳозирги курс бўйича қарийб 757 минг доллар) миқдоридаги хайрияларни ўзлаштирганликда айбдор деб топилди ва икки йилга озодликдан маҳрум этилди, ўн йилга давлат лавозимларида ишлаш тақиқланди. У Корея Республикасининг қамоқ жазосига ҳукм қилинган биринчи собиқ бош вазири бўлди. Айни пайтда у икки йиллик қамоқ муддатини ўтаб реабилитация қилиниши арафасида.