"Бир кунда 1800 дан ортиқ қўнғироқни қабул қиламиз"

Охири йўқ қўнғироқлар ҳар бири ҳар қайси кимнингдир тақдирини ҳал қилиши мумкин. Диспетчерларнинг диққати шай, улар гўшакнинг нариги томонидаги вазиятни аниқ билиши керак. Шунга қараб мурожаат тегишли бўлимларга йўналтирилади, ҳаракат бошланади.

Вилоят ички ишлар бошқармаси ташкилий бошқарма бўлинмалари “102” диспетчерлик хизматида ҳар кун шундай ўтади. 24/7 тартибида ишловчи хизмат ички ишлар идорасининг бутун вилоятдаги бўлинмалари тезкор алоқа алмашиш тизими билан таъминланган. Унда фақат махсус тайёргарликдан ўтган мутахассислар ишлайди.

— Бир кунда 1800 дан ортиқ қўнғироқни қабул қиламиз, - дейди хизмат боғлиғи, майор Ойбек Тилявов. – Электрон мурожаат телефондаги мулоқот билан бир вақтда тўлдирилиб, масъул бўлимларга юборилади. Ходимлар унинг мазмунига қараб, тезкорлик зарур бўлса, 10 дақиқа оралиғида воқеа жойига етиб бориши мумкин. Мурожаат “102” тизими орқали тегишли бўлимга юборилгандан кейин ҳам у бўйича амалга оширилаётган ишларни кузатиб бориш мумкин. Айтайлик, масъул ходим маълум вақт мурожаат бўйича чора кўрмаса, диспетчер у билан телефон орқали боғланиб, вазиятга аниқлик киритади. Ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолдирилмайди.

Соат 10:00. Шу вақтгача “102” рақамига 272 та қўнғироқ бўлган. Агар диспетчерлар банд бўлиб, фуқаро қўнғироқ қилиб туша олмаса, улардан бирортаси бўшаши билан тизимнинг ўзи фуқарога автоматик тарзда қайта қўнғироқ қилади.

— Гўшак кўтарилгач, диспетчер уни ўз ташаббуси билан ўчириши мумкин эмас, - дейди хизмат кичик мутахассиси, кичик сержант Аҳмад Даминов. – Баъзан болалар ота-онасининг телефонини ўйнаб, бехосдан “102”га териб юборади. Гўшакнинг нариги томонида ҳеч ким гапирмаса ҳам низом бўйича ундан келаётган шовқинларни эшитиб, вазиятни аниқлашга ҳаракат қиламиз. Кўп ҳолларда мурожаатчи қайта қилинган қўнғироқни кўтармайди, шу боис бизда ҳолатга тўғри баҳо бериш ва аниқ маълумотларни олиш учун бир ё икки дақиқа вақт бўлади, холос.

Тизимда муаммолар ҳам йўқ эмас. Асосийларидан бири мақсадсиз қилинган қўнғироқлардир. Ёш болаларнинг адашишини тушуниш мумкин, бироқ катта ёшлиларнинг эрмакка ёки атай, мутахассислар вақтнини “ўғирлаш” учун қиладиган ҳаракатларини тушуниш қийин. Буни касб қилган доимий “мурожаат”чилар ҳам бор экан.

— Мана мисол, бир фуқаро машинаси ўғирланганлиги ҳақида хабар берди, - дейди Аҳмад Даминов. – Воқеа жойига тезкор гуруҳ етиб борганда мурожаатчи спиртли ичимлик истеъмол қилганлиги, унинг отаси атай ўғли маст ҳолатда машина ҳайдамаслиги учун транспортни яшириб қўйганлиги аниқ бўлди. Энг қизиғи, мурожаатчининг ўзи ҳам буни билган.  Фаолиятимизда шунга ўхшаш ҳолатлар учраб туради.

Маълумотга кўра, ҳар олтинчи қўнғироқ мақсадсиз ёки ёлғон мурожаат асосида бўлади. Албатта, қонунчилигимизда ёлғон ахборот берганлик учун жазо чораси белгиланган. Бироқ жараёнда йўқотилган қимматли вақтни қайтариб бўлмайди.

Яна бир муаммо - қўнғироқ қилувчининг манзилини аниқлаш имкони йўқлигида. Бунда диспетчер мурожаатчидан унинг ёки у хабар берган қонунбузарлик содир этилган жойни сўраши керак. Агар фуқаро нотўғри манзилни берса ёки умуман манзилни айтмаса, яна вақт йўқотилади.

Айни камчиликлар “112” ягона диспетчерлик хизмати орқали бартараф этилиши белгиланган. Ойбек Тилявовнинг таъкидлашича, айни вақтда вилоятимизда ҳам ягона хизмат фаолиятини йўлга қўйиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Агар у фаолиятини бошласа, тизим қўнғироқ эгасининг биометрик маълумотлари ва жойлашган жойи ҳақидаги маълумотларни автоматик равишда шакллантиради. Шунингдек, у ички ишлар, фавқулодда вазиятлар, соғлиқни сақлаш вазирликлари, ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда “Ҳудудгазтаъминот” АЖнинг шошилинч хизматлари фаолиятини умумлаштириб, республиканинг барча ҳудуди бўйича аҳолига шошилинч ёрдам кўрсатиш фаолиятини бошқаришни таъминлайди.

Асқар БАРОТОВ.