25-олтин медаль Москвада қўлга киритилди
Жорий йил 10-16 февраль кунлари Москва шаҳрида анъанавий тарзда ўтказиладиган "Продэкспо-2019" озиқ-овқат маҳсулотлари, ичимликлар ва уларни ишлаб чиқариш учун хом ашё халқаро кўргазмасида «Самарқанд-Жомбой Шароб» масъулияти чекланган жамияти ҳам ўз маҳсулотларини намойиш этиб ташкилотчиларнинг юксак эътирофига сазовор бўлди.
«Продэкспо» Россиядаги энг йирик озиқ-овқат кўргазма бўлиб жорий йилда унда дунёнинг уч қитъасидаги 70 та давлатидан 2,5 мингга яқин ишлаб чиқарувчи қатнашди. Эътиборлиси жамият томонидан ишлаб чиқарилган алкогол маҳсулотлари барча иштирокчиларнинг эътирофига сазовор бўлиб 2 тадан олтин, кумуш, диплом ҳамда бош соврин «Самарқанд» коняк маҳсулоти учун «Гранпри» совринига сазовор бўлди.
- Корхонамиз Россияда ўтказиладиган озиқ-овқат кўргазмаларида доимий қатнашиб юқори сифатли маҳсулотларимизни тақдим этамиз, - дейди корхона иш юритувчиси Файзулла Шоназаров. – Бу йилги кўргазмада 7 хил маҳсулотимизни намойиш этиб корхонамиз маҳсулотларининг сифати бўйича 22-кумуш ва 25-олтин медалларни қўлга киритди. Қолаверса ушбу танловда кўплаб хорижий давлатлар билан маҳсулот харид қилиш, йирик кўргазмаларда қатнашиш ва ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида келишувларга эришилди.