25 сўмликкача бўлган пуллар муомаладан чиқарилади

Марказий банк муомалага чиқарилган 1, 3, 5, 10, 20, 50 тийинлик, 1, 5, 10, 25 сўмлик тангалар, шунингдек, 1, 3, 5, 10, 25 сўмлик эски намунадаги банкнотлар (қоғоз пуллар) 2020 йил 1 мартдан бошлаб ўз кучини йўқотади.

25 сўмлик ва ундан кичик номинал қийматдаги тангалари ва банкнотларини муомаладан қайтариб олиш тартиби тўғрисидаги низомда шу нарзарда тутилган, дейилади "Ҳуқуқий ахборот" телеграм каналидаги хабарда.

Ушбу танга ва банкнотлар ҳеч қандай монелик, чекловларсиз, тўлов ёки воситачилик ҳақи ундирилмаган ҳолда:

- 2020 йил 1 мартга қадар ҳисоб-китоб касса марказлари, тижорат банклари ва уларнинг филиаллари томонидан;

- 2020 йил 1 мартдан 2021 йил 1 январга қадар эса фақат ҳисоб-китоб касса марказлари томонидан алмаштириб берилади.

Муомаладан қайтариб олинадиган эски намунадаги танга ва банкнотларнинг айирбошлаш муддати 2021 йил 1 январгача этиб белгиланган.

Ушбу кичик қийматдаги пуллар мижозлар ва аҳолининг талабига асосан қуйидагича тақсимланиши мумкин:

- банк пластик картаси ҳисобварақларига кирим қилиниш орқали (тўлиқ қийматда);

- муомаладаги танга ва банкнотларга айирбошлаб бериш орқали;

- мижозларнинг тегишли ҳисобварақларига, фуқароларнинг аризасига асосан омонатга кирим қилиш орқали;

- коммунал ва бошқа бир марталик тўловлар учун қабул қилиш орқали.