30 йилда спортда нимага эришдик?
Ўтган асрнинг 90-йилларида вилоятимизда 3 942 та спорт иншооти мавжуд бўлган. Бугун эса 5654 тани ташкил этмоқда. Шу йилнинг ўзида 401 та спорт иншооти (шундан 39 та мини футбол ва сунъий қопламали мини футбол майдончалари) бунёд этилди.
Ҳозирда вилоят бўйича Самарқанд ҳамда Тойлоқ олимпия захиралари,
4 та ихтисослаштирилган спорт мактаби, 1 та эшкак эшиш спорт мактаби, 21 та спорт мактаблари, 1 та футбол маҳорат мактаби ва 1 та “Динамо” ПФК футбол мактаби фаолият кўрсатмоқда.
30 та спорт муассасаларида спортнинг 48 тури бўйича спорт тўгарак (секция)ларига 28 минг нафар, умумий ўрта таълим мактабларида 27 спорт тури бўйича тўгаракларга 104 минг нафар ёшлар қамраб олинган.
1991 йилда вилоятда спорт билан шуғулланувчилар сони умумий аҳоли сонининг 4,5 фоизини ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич жорий йилга келиб, 20 фоизини ташкил этмоқда.
Самарқанд вилоятида шахмат бўйича 8 нафар халқаро гроссмейстер (Таир Воҳидов, Жаҳонгир Воҳидов, Иброҳим Ҳамроқулов, Жўрабек Ҳамроқулов, Марат Жумаев, Алексей Барсов ҳамда марҳум Шуҳрат Сафин ва Алишер Анорқулов) етишиб чиққан.
Шунингдек, 6 нафар тренер “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий” унвонига эга бўлган. Вилоятимизда фаолият олиб бораётган 1361 нафар мураббийнинг 62 нафари олий тоифадаги мураббий ҳисобланади.
Охирги беш йилда самарқандлик спортчилар эришган ютуқларни санайдиган бўлсак, улар республика мусобақаларида 9 564 та медалга эга чиққан. Осиё чемпионатида ҳам муноасиб қатнашиб, 50 та медалга сазовор бўлган бўлса, 61 та медаль жаҳон чемпионатларида 126 та халқаро спорт мусобақаларида қўлга киритилган.
2021 йилнинг 6 ойи давомида вилоятимиз спортчилари томонидан 1031 та медаль жамғарилди. Медалларнинг 982 таси республика, 34 таси Осиё, 15 таси жаҳон чемпионатида спортчиларимизга берилди.
Ҳозирда вилоятда спортнинг 72 тури бўйича 11 771 та тўгарак фаолияти йўлга қўйилган. Уларга бир кунда 140 минг аҳоли, айниқса, ёшлар жалб этилган.
Самарқандда энг кўп якка кураш турлари - дзюдо, кураш, муайтай, бокс спорт тури ривожланган бўлиб, ҳозирда Тойлоқ, Паст Дарғом, Оқдарё, Иштихон, Булунғур, Самарқанд туманлари ва Самарқанд шаҳрида доимий равишда машғулотлар олиб борилади. Самарқандлик 940 нафар спортчи спортнинг 58 тури бўйича миллий терма жамоа сафида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилиб келмоқда.
Ҳозирда барча шаҳар ва туманларда саломатлик ҳамда велойўлаклар қурилмоқда. 39 та мини футбол майдончаси, 33 та бадминтон, 291 та “Workout, 38 та стритбол майдончалари фойдаланишга топширилди.
Мустақиллик йилларида 1091 нафар спортчи олий ўқув юртига имтиёзли ўқишга қабул қилинди.
Шу йилнинг 23 июлидан 8 августига қадар Япониянинг Токио шаҳрида XXXII ёзги олимпия ва XVI паралимпия ўйинлари ўтказилади. Мазкур нуфузли мусобақада республикамиздан 100 нафардан ортиқ спортчи иштирок этади.
Улар орасида олимпия ўйинларида 10 нафар вилоятимиз вакиллари спортнинг 6 тури бўйича ҳамда паралимпия ўйинларида 4 нафар паралимпиячиларимиз спортнинг 2 тури бўйича йўлланмани қўлга киритди.
Айни кунларда боксчимиз Фанат Қаҳрамонов, дзюдочиларимиз Давлат Бобонов, Диёра Келдиёрова, Сардор Нуриллаев, Муҳаммадкарим Хуррамов ҳамда академик эшкак эшиш бўйича Собиржон Сафаралиев, Руслан Қурбонов, Роксана Худоёрова енгил атлетиканинг уч хатлаб сакраш йўналишида, Мўминжон Абдуллаев эса юнон-рум кураши бўйича, Ксения Александрова бадиий гимнастика бўйича Токио шаҳрида мусобақага тайёргарлик кўрмоқда.
Ҳусниддин Норбеков параенгил атлетиканинг ядро ва диск улоқтириш йўналишида ва Сабинахон Суханова параенгил атлетиканинг узунликка сакраш йўналишида иштирок этади. Улар ҳозирда Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида мусобақаолди тайёргарликларини олиб боряпти. Парадзюдочиларимиз Парвина Самандарова ҳамда Васила Алибоева Тошкент вилоятининг Билдирсой тоғ ён бағрида тажрибали мураббийлари қўл остида машғулотларда қатнашмоқда.
Агар тарихга назар ташласак, 1996 йилда АҚШнинг Атланта шаҳрида бўлиб ўтган олимпия ўйинларида 7 нафар самарқандлик спортчи бокс, юнон-рум кураши, эшкак эшиш, оғир атлетика йўналишида ўз маҳоратини синовдан ўтказган. 2000 йилда Австралиянинг Сидней шаҳрида 3 нафар спортчимиз, 2004 йил Грециянинг Афина шаҳридаги мусобақада бир нафар, 2008 йил Хитойнинг Пекин шаҳрида ўтказилган беллашувда 2 нафар, 2012 йил Англиянинг Лондон шаҳридаги мусобақада 3 нафар самарқандлик спортчилар иштирок этган.
2016 йил Бразилиянинг Рио де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган нуфузли спорт байрамида парадзюдочимиз, ургутлик Ўткиржон Негматов олтин медални қўлга киритган ва параалимпия чемпиони деган номга сазовор бўлган. Шунингдек, яна бир параенгил атлетимиз Мансур Абдурашидов бронза медали билан тақдирланган.
Умид қиламиз, спортчиларимиз Токиодан ғолиб бўлиб қайтади ва Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллигига муносиб туҳфа тайёрлайдилар.
Шуҳрат Рўзиев,
вилоят туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари.