370 нафар битирувчи истиқболли кадрлар захирасига олинди

Бу, аввало, битирувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш ва уларни ишга жойлаштиришга қаратилган тизимли жараённи ўз ичига олади. Бунинг учун вилоят ҳокимининг ҳар бир ўринбосари тегишли соҳалар бўйича шахсан масъул этиб белгиланди.
Ушбу жараёнда дастлаб бошқарма, корхона ва ташкилотларнинг олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжи аниқланди, шунингдек, битирувчиларнинг маълумотлар банки шакллантирилди. Улар эгаллаган мутахассислиги, жумладан, диплом иши мавзуси бўйича тегишли корхона ва ташкилотларга, туман (шаҳар) ҳокимликларига бириктирилди.
Битирувчиларнинг ҳокимликлар, корхона ва ташкилотларда ишлаб чиқариш амалиётини ўташи ва кейинчалик ишга жойлашиши юзасидан тадбирлар белгиланган. Бу жараённи тўғри ва самарали ташкил қилиш учун ҳар бир битирувчи билан туман (шаҳар) ҳокими, бошқарма бошлиғи учрашиб, суҳбатлашади.
Амалиёт даврида ҳокимликлар, корхона ва ташкилотларда битирувчининг олий ўқув юртида олган назарий билимини амалиётда мустаҳкамлаши учун зарур шароит яратилади.
Битирувчининг ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш ва уни ишга жойлаштириш жараёни акс этган ягона шаклдаги маълумотлар базаси пайдо бўлади. Натижада ҳар бир босқичдаги тадбирлар ижроси назоратга олинади, тўпланган маълумотлар таҳлил қилиб борилади.
Энг муҳими, ҳар бир битирувчи маҳаллий ҳокимликларнинг истиқболли кадрлар захирасига олиниб, келгусида уларни раҳбарлик лавозимларига тайинлаш чоралари кўрилади.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг маълумотига кўра, ҳозирча олий ўқув юртларининг 370 нафар битирувчиси маҳаллий ҳокимликларнинг истиқболли кадрлар захирасига олинган.

F.ҲАСАНОВ.