375 та мурожаат кўриб чиқилиб, акциядорларга салкам 5 миллиард сўм дивидент ундириб берилди
Президентимизнинг жорий йил 14 январдаги “Давлат активларини бошқариш, монополияга қарши курашишни тартибга солиш тизимини ва капитал бозорини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва 2019 йил 24 январдаги “Ўзбекистон Республикаси капитал бозорини ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида Ўзбекистон Республикасининг Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ташкил этилганди.
Капитал бозорини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш учун Осиё тараққиёт банки ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банкидан 700 минг доллар миқдорида техник ёрдам жалб қилинганди. Агентлик масъул идоралар билан ҳамкорликда Капитал бозорни ривожлантириш стратегияси ва концепциясини ишлаб чиқди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тараққиёт дастури асосида тегишли ташкилотлар вакиллари иштирокида Ўзбекистон Республикасининг Капитал бозорини ривожлантириш идоралараро мувофиқлаштирувчи кенгаши фаолияти йўлга қўйилди.
Бу ҳақда Капитал бозорни ривожлантириш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан “Республикада капитал бозорини ривожлантиришнинг истиқболлари ҳамда соҳадаги мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари” мавзусидаги семинарда маълумот берилди.
Семинарда 4,7 триллион сўмлик акция ва 150 миллиард сўмлик корпоратив облигациялар давлат рўйхатига олинганлиги ва ҳукумат қарорларига асосан жорий йилда йирик молиявий корхоналарнинг акциялари IPO ва SPO усулида оммавий савдоларга жойлаштириш учун кўмаклашилмоқда. Юридик ва жисмоний шахсларнинг 375 та мурожаати кўриб чиқилиб, акциядорларга 4,9 миллиард сўм дивидент ундириб берилди.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.