42 нафар биология ўқитувчиси, 200 нафардан ортиқ шифокор тайёрлаган устоз
Халқаро ва республика фан олимпиадаларида иштирок этиш ва фахрли ўринларни қўлга киритиш учун ўқувчида кучли билим ҳамда ўқитувчининг меҳнати борлигини ҳамма ҳам билавермайди. Каттақўрғон туманидаги 15-умумий ўрта таълим мактабининг биология фани ўқитувчиси Дилфуза Низомованинг ўқувчилари ҳар йили мана шундай иқтидор талаб этиладиган танловда қатнашиб, совринли ўринларни олиб келади. У билан бўлган суҳбатимиз муаллимлик касбига қандай меҳр қўйгани, оиладаги тарбия ва шогирдлари эришаётган ютуқлар ҳақида бўлди.
- Ота-онам гўдаклигимда “Қизим олим бўлади”, деб ёстиғимнинг тагига китоб қўйиб қўяр экан, - дейди Д.Низомова. - Онам Саодат Зубирова Каттақўрғон туманидаги 15-ўрта таълим мактабида бир умр физика, математика фани ўқитувчиси бўлиб ишлаган. Дадам Ҳаким Низомов мактабда она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси бўлган. Аммо дадам ёш оламдан ўтди, мен ҳали қизалоқ эдим.
Ота-онам бизни ёшлигимиздан билимли бўлишимизни истаган ва шунга муносиб тарбия берган. Мен оилада тўртинчи фарзанд эдим, яъни биз 4 нафар қиз ва 1 нафар ўғил фарзанд эдик.
Ёшлигимда шифокор бўлишни орзу қилардим, лекин 10-синфни битираётганимда кўричак операцияси бўлиб қолдим. Шу йили тиббиёт институтига эмас, Самарқанд давлат университетининг биология факультетига ўқишга кирдим. 1991 йили университетни имтиёзли диплом билан тугатдим. Университетнинг биология факультетига мени ишга олиб қолишди. Мен олима бўлишни жуда истардим, аммо турмушга чиққач, тақдир тақазоси билан ўзим ўқиган Кадан қўрғонидаги 15-мактабга ишга кирдим. Шу мактабда ҳозиргача биология фанидан дарс бериб келмоқдаман. Аммо бундан хафа эмасман, бунда ҳам бир ҳикмат бўлса керак, деб ўйлайман.
Мактабга 1991 йили ишга кирган бўлсам, тўрт йил ичида олий тоифали ўқитувчи бўлдим. Билимим йўқолиб кетмасин деб ўз устимда тинимсиз ишладим ва ўқувчиларни тўгаракларга жалб қилдим. Биология фанидан илмий ишимнинг мавзуси ўсимликлардан ранг олиш бўлган. Мана шу илмий ишимни мактабда ҳам давом эттирдим. Дорихоналардан ва мактаб лабораторияларидан жиҳозлар олиб келиб, ўқувчиларга ўсимликлардан ранг олиш тажрибасини ўргатдим. Лабораторияда ишлаганим боис лаборатория тажрибаларини ўқувчиларга кўрсатиш орқали уларни шу фанга қизиқтирдим.
Бу ҳаракатларим бесамар кетмади, биология фанига қизиққан ўқувчиларимни ҳар йили фан олимпиадаларига тайёрладим. Ўқувчиларим ҳар йили биология, кимё фанларидан тиббиёт, педагогика олий таълим муассасаларига грант асосида ўқишга қабул қилинди, фан олимпиадалари ва иқтидорли ўқувчилар танловларида ғолиб бўлди. 2021 йилдан 2024 йилгача ўқувчиларим Ал-Хоразмий номидаги фан олимпиадасида, биология фанидан асосий фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритиб келмоқда. Шунингдек, жорий йилнинг июль ойида бўлиб ўтган халқаро Ибн Сино фан олимпиадасида ўқувчим Камолиддин Озодов бронза медали соҳиби бўлди. Камолиддин билан 7-синфдалигидан бери алоҳида шуғулланиб келаман. У 9-синфлигида биология фанидан асосий фан олимпиадасининг туман босқичида биринчи, вилоят босқичида иккинчи ўринни эгаллади. 2023-2024 ўқув йилида ўқувчим 10-синфлар ўртасида асосий фан олимпиядасининг вилоят босқичида биринчи ўринни қўлга киритди.
Бундан ташқари, кейинги йилларда фанлардан миллий сертификатлар ҳам бериляпти. Ўқувчиларим Зарина Юсупова, Камолиддин Озодов биология фанидан миллий сертификатни қўлга киритди.
Бу ютуқларга эришиш учун тинимсиз меҳнат қилдим ва ҳалигача ўз устимда ишлайман. Сабаби, ўз касбимни яхши кўраман. 33 йиллик меҳнат фаолиятим давомида 42 нафар ўқувчим кимё, биология фани ўқитувчиси бўлди. Ҳозирги вақтда тўрт нафар шогирдим мактабда ўзим билан бирга ишлаяпти. Бундан ташқари, Каттақўрғон туманининг деярли барча мактабларида шогирдларим биология фанидан дарс бериб келяпти. 200 нафардан ортиқ шифокорлар, фармецевтлар тайёрладим. Биринчи шогирдим Дилбар Мустафоева шифокорлик фаолиятида катта натижаларга эришди. Ҳозир унинг хусусий клиникалари бор. Қанчадан қанча бефарзанд оилаларга фарзандли бўлиш бахтига сабабчи бўлди. Шогирдларимдан офтальмолог Шохруҳ Халилов одамларнинг кўз нурини даволаб, халққа хизмат қиляпти. Бу мен учун жуда катта бахт. Ҳаётимдан, ўтаётган кунимдан ниҳоятда розиман.
Албатта, меҳнатларим бесамар кетмади. 2003 йили давлатимиз томонидан “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони, 2021 йилда “Меҳнат шуҳрати ордери” билан тақдирландим. Бундан ташқари, ишга кирганимдан то шу пайтгача ҳар йили мактаб, туман маъмуриятининг фахрий ёрлиқлари билан мукофотланиб келмоқдаман.
Бундай натижаларни қўлга киритишимга онажоним сабабчи бўлди. Онам “Сизларни олийгоҳларда ўқитаман, олий маълумотли қиламан деб, 14 йил битта кўйлакда ўқитувчилик қилибман”, деб айтарди. Шу гаплари ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди. Яна онажоним “Ўз билимингни халққа бер, бунинг ажр-савоби катта бўлади”, дерди.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА тайёрлади.