5 - 14 август кунлари абитуриентлар учун махсус автобуслар ҳаракатланади

5-14 август кунлари Самарқанд шаҳри, Жомбой ва Самарқанд туманларида абитуриентларни манзилга етказиш учун алоҳида йўналишлар ташкил қилиниши белгиланди.
Ушбу йўналишларда махсус автобуслар эрталабки 4.30 дан 6.00 гача, куннинг иккинчи ярмида кеч соат 21.00 дан 22.00 гача (имтиҳон бўлиб ўтадиган ҳудудидан биринчи манзилгача) ҳаракатланади.

Ушбу махсус автобуслар Иштихон, Қўшработ, Пайариқ, Оқдарё туманларидан имтиҳон топширувчи абитуриентлар учун Ибн Сино ва Даҳбед кўчаси чорраҳасида;

Пахтачи, Нарпай, Каттақўрғон (туман ва шаҳар), Нуробод ва пастдарғомлик абитуриентлар учун “Ҳазора” автобошбекатида;

Ургут, Тойлоқ, Самарқанд туманларидан имтиҳон топширувчилар учун "Сиёб" автобошбекатида (Кафтархона);

Булунғур, Жомбой туманларидан келувчи абитуриентлар учун Сиёб дехқон бозорида (Йўл ўтказгич тагида) ташкиллаштирилади.

Ҳар бир махсус автобус қайси йўналиш бўйича ҳаракатланиши ҳақида йўл кўрсаткичига эга. Ушбу автобуслардан фақатгина абитуриентлар фойдаланиши мумкин.

Автобусларнинг санитария қоидаларига риоя қилиши, йўловчилар сони вилоят транспорт бошқармаси масъул ходимлари ҳамда инспекторлари томонидан назорат қилинади.

Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ахборот хизмати.