5 та уй олиб беришни ваъда қилган жомбойлик фирибгарга жиноят иши очилди

Жомбой туманида яшовчи фуқаро, 29 ёшли С.М. Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан кам таъминланган оилаларга шаҳарнинг Обод маскан маҳалласи Қорасув масканида қурилаётган кўп қаватли уйлардан бераётганлигини айтиб, ўзининг таниши, 45 ёшли Ш.М.га ҳам ушбу жойдан 5 та уйни кредит шартлари асосида, арзон нархда олиб беришини ваъда қилган. Унинг ишончига кириб, 2018 йилнинг декабрь ойидан 2020 йилнинг март ойига қадар бўлган вақт оралиғида, бўлиб-бўлиб жами 16.400 АҚШ долларини олган ва ҳозирги кунга қадар уй олиб бермасдан пулларни ўзининг эҳтиёжларига сарфлаб юборганлиги аниқланган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ хузуридаги тергов бўлими томонидан С.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.