531 нафар талабага шартнома пули тўлаб берилди

Самарқанд шаҳридаги “Ёшлар маркази” биносида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзоси бўлган, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, қўмондонликнинг тавсияномасига асосан олий таълим муассасаларига тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилинган талабалар таркибидан совриндор бўлганларга сертификатларни тантанали топшириш тадбири ўтказилди, деб хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.

 Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Самарқанд вилоят Кенгаши томонидан ташкил этилган тадбир давомида Самарқанд вилоятидаги мавжуд 8 та олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган 531 нафар талабаларга бир йиллик тўлов-шартнома суммасининг 35 фоизи тўлаб берилганлиги бўйича сертификатлар тантанали топширилди.

Тадбир сўнггида тақдирланган совриндор талабаларга ўзларининг мутахассисликлари бўйича умумтаълим муассасаларида ўқувчи ёшларга тўгарак машғулотлари ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Самарқанд вилоят Кенгаши қошида ташкил этилган “Фидокор ёшлар” клубида фаолият кўрсатиши бўйича ҳар бир совриндор талаба ёшларга вазифалар юклатилди. Эндиликда тақдирланган 531 нафар совриндор талаба ёшлар “Фидокор ёшлар” клуби ҳамда таълим муассасаларида ўқувчи ёшларга мураббий сифатида машғулотлар олиб боришади.