Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

600 йиллик юбилей СамДУнинг илмий салоҳияти ва имижини оширади

Бугун оммавий ахборот воситалари ва интернет саҳифаларида Самарқанд давлат университетининг 600 йиллик юбилейини нишонлашга бағишланган мақолалар эълон қилинмоқда. Бу мамлакатимизда олий таълим тизими тарихини ўрганишга катта эътибордан нишона.

Мамлакатимиз, халқимиз тарихига назар ташласак, юртимиздаги ўнлаб қадимий шаҳарларда юзлаб шундай олий даргоҳлар мавжуд бўлган. Фақат улар қадимдан университет эмас, мадраса, мадрасаи олия номи билан маълум ва машҳур эди.

Жумладан, 1420 йили Самарқанд шаҳрида Мирзо Улуғбекнинг фармони билан янги мадраса қурилиб, ишга туширилди. Бу мадрасада ўз даврининг машҳур олимлари талабаларга таҳсил беришди. Осмон сирлари, фиқҳ ва табобатга доир фанлар ривож топди. Мадраса таълими Ўзбекистонда то шўроларнинг машъум маданий ислоҳотларигача мавжуд бўлди ва ўз тарихий вазифасини бажарди.

Шўролар даврида мадраса фақат диний таълим муассасаси, деб талқин қилинди ва бундай таълим муассасалари таъқибга учради. Наздимизда, мадраса – бу Шарқ олий таълим муассасаси, университет эса Ғарбда урф бўлган олий ўқув юрти. Ҳозир мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар даврида биз Шарқ ва Ғарб таълим тизимларини уйғунлаштиряпмиз.

Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Самарқанд давлат университети бобокалонимиз Мирзо Улуғбек асос солган мадрасанинг қонуний ва ҳақиқий вориси. Шунинг учун Самарқанд давлат университетининг ҳар бир профессори, ҳар бир талабаси Мирзо Улуғбек мадрасаси очилиши билан асос солинган олий таълим муассасасида ишлаётгани, ўқиётгани учун фахр-ифтихор қилишга ҳақли.

Самарқанд давлат университетининг 600 йиллик юбилейининг тантанали нишонланиши мамлакатимиз олий таълим муассасалари илмий салоҳияти ва имижиги ижобий таъсир этиши, шубҳасиз.

Б.АЛИМЖОНОВ,

т.ф.н., Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти докторанти.