61 кишини чув туширган яна бир бандлик агентлигининг фирибгарлиги фош этилди
Сурхондарёда хорижга ишга юборишни ваъда бериб, катта миқдорда аҳоли маблағини ўзлаштирган бандлик агентлиги фош этилди, деб хабар қилмоқда Бош прокуратура департаменти.
Хабарда айтилишича, “I.J.O. xususiy bandlik agentligi” МЧЖ Дания ва Швейцария давлатларига ишга юборишни ваъда бериб, 61 нафар фуқародан 45 миллион сўмдан жами 2,6 миллиард сўм маблағ йиғиб олган. Фуқароларни ишга юбормасдан, уларнинг манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказган.
Бундан ташқари, жамиятга алоқадор шахслар 2019 йилнинг июль ойида Корея Республикасига ишга юбориш важи билан 4 нафар фуқароларнинг 16 500 АҚШ доллари ҳамда 125 миллион сўм пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, ўзларининг шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборганлиги аниқланган.
Ушбу ва бошқа қонунбузарлик ҳолатлари юзасидан “I.J.O. xususiy bandlik agentligi” МЧЖ раҳбари Ш.А. ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.