70 хил брендли Қўқон, чиқитсиз шаҳар, сув деса шарбат тутувчи одамлар

Бугун маҳаллий туризм ривожланиши баробарида турли соҳа ходимлари хориж тажрибасини ўрганаётган, журналистлар ҳам ўз навбатида яқин, узоқ мамлакатларга хизмат сафарига чиқиб, ушбу саёҳат таассуротлари билан ўртоқлашаётган бир пайтда мамлакатимиз миқёсидаги сафарлар тасвирини ўқиш ким учундир эриш туюлар. Аммо ички туризм ривожида ҳалиям тарихий обидаларга бой шаҳарларга келаётган меҳмонлар катта фоизни ташкил қилмоқда. Водий вилоятлари ҳам ҳар бир ўзбекистонлик бориб кўриши керак бўлган марварид шаҳарларимиздан эканлигига яқинда "Зарафшон" ва "Самаркандский вестник" газеталари бирлашган таҳририяти ходимлари Фарғона водийсига саёҳатимиз давомида гувоҳ бўлдик.

ТКАН КУНЛАР" ФИЛЬМИ СУРАТГА ОЛИНГАН САРОЙ

Поезддан Қўқонга тушганимизданоқ кучли шамолни ҳис қилдик. Сал ўтгач, бу шаҳарнинг қадим номи – Ҳўқанд "шамоллар шаҳри" дея таржима қилинишини билиб олдик.

Нафақат Фарғона вилояти, балки бутун водийнинг тарихий маскани ҳисобланмиш Қўқоннинг асосий дурдонаси – Худоёрхон ўрдасидир. Қизилўрдадан Қашқаргача бўлган ҳудудни эгаллаган Қўқон хонлиги даврида, хонликнинг сўнгги ҳукмдори Худоёрхон томонидан қурилган сарой воҳанинг ўзига хос иқлимини ҳисобга олган ҳолда 4,5 метр баландликдаги сунъий тепалик устида бунёд этилган. Шунинг учун бўлса керак, гарчи ХХ аср бошларида бу маскандан турли мақсадларда фойдаланилган бўлса-да, саройнинг асосий қисми яхши сақланиб қолинган. Умуман, Қўқон хонлигининг нечоғлик ривож топганини англаш учун бу ҳудудда қирққа яқин карвонсарой, 50 га яқин мадраса фаолият кўрсатганини билишнинг ўзи кифоя қилади. Афсуски, ушбу мадрасаларнинг бор-йўғи иккитасигина сақланиб қолган. Худоёрхон ўрдасида хонлик ҳақида маълумотлар билан бирга Қўқон тарихи акс этган хоналар ҳам ташкил этилган.

Қўқон шаҳри ҳокими Маъруфжон Усмонов самар­қандлик журналистлар билан учрашув давомида Қўқон шаҳри ҳақида батафсил маълумот берди.

– Қўқоннинг ўзига хос бўлган 70 га яқин бренди бор, жумладан, Қўқон арава, Қўқон ҳолва ва ҳоказо, – дейди М.Усмонов. – 700 дан ортиқ ҳунарманд­чилик турларидан айни пайтда 400 таси сақланиб қолган. Қўқонда ҳам Самарқанддаги сингари қоғоз тайёрланган. Фақат у ердан фарқли равишда ёғочдан эмас, мато қийқимларидан. Бу қоғоз сифати билан эмас, кўпроқ чидамлилиги билан ажралиб турган. Яқинда шаҳримизда Президентимиз ташаббуси билан Халқаро ҳунармандлар кўргазмаси ўтказилади. Айни пайтда шаҳримизда фестивалга жиддий тайёргарлик кўрилмоқда.

Дарвоқе, Худоёрхон саройидаги безакларда бошқа жойларда учрамайдиган қизил, яшил, малла рангларни ҳам учратиш мумкин. Бу уларнинг қурилиш, дизайн масаласида хитойликлар билан ҳамкорлик қилганини тасдиқлаб турибди.

"Ўткан кунлар" фильми ҳам айнан Худоёрхон ўрдасининг хон қабулхонаси қисмида суратга олинган экан.

Шу кунларда бир гуруҳ журналистларнинг Озарбайжонда медиатурда иштирок этаётганидан хабардор бўлиб турибмиз. Ҳамкасбларимизнинг айтишича, машҳур "Бриллиант қўл", "Қайнона" кинофильмлари суратга олинган жойларда шу номдаги кино қаҳрамонлари сурати-ю ҳайкаллари жойлашган кафелар ташкил қилинган экан. Умид қилдикки, Қўқондаги Худоёрхон саройи ёнида ҳам улуғ адибимиз, қолаверса, барчамиз севиб томоша қиладиган фильм ҳурматига ўзбекона "Ўткан кунлар" номли чойхона очилса.

Умуман, Қўқон шаҳрида Самарқанддаги ўртача катталикдаги туман миқёсича, яъни 300 минг аҳоли истиқомат қилади. Шаҳарнинг тарихийлигини ҳисобга олган ҳолда инфраструктураси марказий шаҳарларники сингари экани билан бизни ҳайратга солди. Шаҳарда 9 та меҳмонхона, учта институт, ўнлаб хусусий клиникалар фаолият кўрсатади. Ўз вокзалига эга. Аҳолиси соғлом турмуш тарзига амал қилади, шекилли, велосипедда ҳаракатланувчи одамларни кўп учратдик.

Бобосининг ишини давом эттириб, Қўқон ҳолвасини тайёрлаётган Абдувоҳид Туронбоев машҳур ҳолва замонавийлашаётганини таъкидласа, ганчкор уста Ислом Каримов ҳунармандчиликка қизиқаётган ёшлар кўпайганини айтиб ўтди. Кузатишимизча, шаҳар ҳокими айтганидай, ҳудуд брендларга бой бўлса-да, аммо унинг асосий "юзи" хушмуомалалиги, ширинсўзлиги, сув сўраса, шарбат тутадиган одамлари бўлса ажабмас.

НАМАНГАН ФИДОЙИЛАРИ СУРАТИ КАТТА КЎЧАДА

Қўқондан автобус билан Наманган сари йўл олдик. Наманганнинг Чуст пичоқларидан харид қилгач, вақтни инобатга олган ҳолда қисқа муддат шаҳарни айландик. Кенг, равон кўчалар, турли рангларда товланиб, ўзига хос дизайнда шакллантирилган тунги ёритқичлар шаҳарга зеб бериб турибди. Катта кўчалардан бирида "Наманган фидойилари" номли йирик паннода, вилоятнинг фахрли кишилари суратлари жойлаштирилган.

БОБУР БОҒИАНДИЖОН ФАХРИ

Намангандан чиқиб, Андижоннинг Балиқчи туманидан бошлаб, вилоят марказига боргунга қадар бир текисда парвариш қилинган арчалар киши эътиборини тортади. Йўл бўйидаги майдонларга плёнка остида аллақачон чигит қадалган (Умуман, водий вилоятларида экин-тикин ишлари анча олдинроқ бошланар экан). Йўл четида ҳам гул, дарахт кўчатлари сотуви авжида.

Андижонга саёҳат Бобур боғидан бошланди. Бу ерда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳайкали ва бир сиқим хоки келтирилиб, рамзий қабри барпо этилган. Боғ атрофи чаманзорга айлантирилган. Боғ ўртасидаги аттраксионга минганимизда бор-йўғи шу атрофни айланиб келамиз, деб ўйлагандик. Аммо бу осма аттраксион нақд икки километр масофадан иборат экан. Айни баҳор чоғи қир-адирликлар, гуллаб турган дарахтзорларни тепадан томоша қилишнинг завқи ўзгача.

Андижонда ҳам кенг, равон йўллар, мустақиллик йилларида барпо этилган муҳташам бинолар, гипермаркетлар савлат билан шаҳарга кўрк бериб терибди. Нафақат Андижон, балки Наманган, Фарғонада ҳам гипермаркетлар, ресторанлар атрофида тадбиркорлар томонидан ўзига хос услубда, хиёбондай бир ҳудуд ташкил этилган. Мисол учун, Наманганда рес­торан ёнида кечаси ёғду таратиб турувчи улкан Эйфел минораси қад ростлаган бўлса, Андижондаги машҳур гипермаркетлардан бири ёнида ёшу қари суратга тушаётган юрак шаклидаги йўлак, мусиқали фаввора барпо этилган. Бундай кўркам манзара дўкон атрофи доим одамлар билан гавжумлигини таъминлаб турибди.

УЛУҒВОР, КЎП МАРКАЗЛИ ШАҲАР

Фарғона шаҳрида бизни Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раҳбари Муҳаммаджон Обидов ва бир гуруҳ ҳамкасбларимиз кутиб олди. Фарғона ва Марғилон шаҳрига қилган саёҳатимизга Муҳаммаджон ака ҳамроҳ бўлди ва йўл-йўлакай нафақат водийлик журналистлар фаолияти, балки Фарғона ва Марғилон шаҳри, унинг ўтмишию ҳозирги кўриниши ҳақидаги кенг маълумотлар билан бизни йўл давомида таништириб борди.

Йўлбошловчи бўлса, шундай бўлса, бирорта саволинг жавобсиз қолмаса, дея бу вилоятдаги саёҳатдан шундай таассуротлар олдик: Фарғона вилоятнинг замонавий маъмурий маркази бўлса, Марғилон ҳунармандчиликни намоён этувчи қадимий шаҳар. Шунинг учун Фарғона кўзимизга кенг хиёбонларию замонавий дизайндаги бинолари билан янада улуғвор кўринди. Кенг кўчалару йўлаклардан сўнг яшил йўлак ва ундан кейингина қад ростлаган бинолар, хуллас, шаҳарсозликнинг барча қоидалари манаман деб кўзга ташланиб турибди. Хиёбонлардан биридан ўтганимизда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ва рафиқаси Татяна Каримова ёшлигида учрашган кафе – "Пингвин" ҳамон фаолият кўрсатаётганига гувоҳ бўлдик.

ИЖОД МАКТАБИ

Марғилонда кўрганларимиз ҳаммаси – камалак тусли адраслару уларнинг устахоналарда тўқилиши, Бурҳониддин Марғинонийнинг бутун дунёга машҳур "Ал-ҳидоя" асари ҳурмати учун ўрнатилган улкан китоб ёдгорлиги бир томон-у, шаҳарда қисқа муддатда барпо этилган "Ижодкорлар боғи"дан олган таассуротларимиз бир олам бўлди. Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими биноси, Эркин Воҳидов номли ижод мактаби, шу номдаги музей жойлашган боғ қадимшунослар ер остидан осори атиқа топгандаги ҳайрати каби ҳаяжонга солди бизни.

Аввало ушбу боққа киришингиз биланоқ атоқли шоирларимизнинг шеърлари радио орқали янграб туриши кишига хуш ёқади, ижодкорлар боғига ўзгача руҳ бағишлаб турибди.

Мактабни айланарканмиз, кимдир Эркин Воҳидов номли музейдаги 400 га яқин экспонатларидан, яна биров ижод мактабининг ижодий муҳити, яна бир ходимимиз улкан боғнинг тоза ҳавоси, ажойиб табиатидан завқлана-завқлана, Ўзбекистон Қаҳрамони, буюк шоир Эркин Воҳидов ҳайкали пойида хаёл оғушида қолди.

ВОДИЙДАГИ ОЗОДАЛИКДАН ЎРНАК ОЛСА АРЗИЙДИ

Фарғонадан яна Қўқон темирйўл вокзали сари йўл олдик. Аёллар харид қилган адрасу атласларига маҳлиё, йигитлар Чуст пичоғию Риштон кулолчилик маҳсулотларига эгалик қилганидан хотиржам, кўрганларини ҳаяжон билан хотирлаётган жамоа…

Аммо ҳаммамизни ҳайратга солган умумий жиҳатлар ҳам бор эди: водий одамларининг хушмуомаласи. Шунингдек, водий кўчаларида чиқинди кўрмадик, десак ишонмассиз.

Аммо ҳатто бозорлари ҳам шунчалик озодаки, кўриб ҳайрон қоласиз. Кимдир бу ерда ободонлаштириш бошқармаси яхши ишларкан, дея луқма ташлаганди, фарғоналиклар мийиғида кулиб қўя қолди. Бу табассум ортида "Одамлар кўчасию ҳовлисини, атрофини озода тутишга кўниккан, кўчага чиқинди ташламаслик оилада шаклланган", деган фикр­ни уқдик. Сўраб-суриштирсак ҳақиқатан ҳам шундай экан.

Қўқон бизни яна шамоллари билан кутиб олди. Поездга чиқиб, Тошкент сари йўл олдик. Йирик лойиҳа – Қамчиқ довони, тоғлар бағрида 19 километрли поезд йўлини, қолаверса, довон гўзаллигини қоронғи тушиб қолгани учун кўра олмаганимиз алам қилди. Аммо йўл-йўлакай ўйлашга арзирли хаёлларимиз кўп эди.

Дейлик, нега Самарқанддаги Ургут ёки бошқа шундай тарихий ҳудудни Қўқон, майли Марғилон каби марказга айлантириш мумкин эмас. Ахир ушбу туман нафақат ҳунармандчилиги, уч минг йиллик тарихи билан ҳам фахрланса арзийдиган ҳамда сайёҳларга намойиш этадиган масканларининг кўплиги билан машҳурку. Ёки шаҳримиз кўчаларида Намангандаги каби Самарқанд фидойилари номли йирик баннер ўрнатиш ҳам мумкинку. Чўпонота тепаликлари, тарихий ҳудуд бўйлаб дор йўли аттраксиони Самарқандда ҳам ташкил этилса қанийди?!

Водий вилоятларида яна арзончилик эътиборимизни тортди. Бозорни қўя турайлик, ошхонадаги таомлар нархлари ҳам ҳамёнбоп. Мисол учун, Андижонда қийма кабоблар нархи 3 минг сўмдан бошланади. Етти минг сўмга бир коса лағмон ёки бир товоқча ошни олиб, бемалол қорин тўйдириш мумкин. Гўштнинг нархи 32 минг сўмдан 38 минг сўмгача. Кийим-кечаклар ҳам бир неча бараварга арзонлиги билан харидорларга манзур.

Тўғри, водий вилоятида одамлари билан суҳбатлашсангиз, "Самарқандга етолмаймиз-а", дея лутф қилишди. Аммо водийнинг марварид шаҳарларининг ўз брендлари ва нафақат томоша қилишга, балки ўрганишга арзигулик жиҳатлари кўплигига гувоҳ бўлдик.

Гулруҳ МЎМИНОВА, "Зарафшон" мухбири.

Самарқанд – Қўқон – Наманган – Андижон – Фарғона – Самарқанд.