73 фоиз ўқувчилар шифохонада "суюнчи пули" сўралганини айтмоқда, бу порами ёки суюнчи?
“Кичкина табиб” фильмида ўзини мажбурликдан соқовга солиб юрган Машраб аканинг “Гапиришга тилим бор, лекин ҳаққим йўқ...” деган иқрори кўпчиликка яхши таниш бўлса, туғруқхонадаги машмашалар ҳам жамиятда шунчалик “машҳур” бўлиб кетган. Хўш, буларнинг бир-бирига қандай алоқаси бор, дерсиз. Аслида ҳамма гап шунда.
Одамлар қандай фикрда?
Яқинда каналимизда “Туғруқхоналарда “суюнчи пули” сўрашяптими?” саволи билан сўровнома ўтказган эдик. Сўровномада 73 фоиз иштирокчи “Ҳа, сўрашяпти” деган жавобни танлаган бўлса, 15 фоизи ўзи “суюнчи пули” бераётганини, 9 фоиз кузатувчи бундай ҳолатга дуч келмаганини билдирган.
Шунингдек, иштирокчилар изоҳларда пул бермаса, беморга ҳеч ким қарамаслиги, аслида, бу коррупция эканлиги, кимдир шифокор ва дорихоначилар билан тил бириктириб олгани, бошқаси бу ҳолат нега назоратга олинмаётганини ёзган.
Сўнгги йилларда туғруқхоналарнинг моддий техник базаси яхшилангани, соҳа ходимларининг маоши кўпайгани, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ошгани ҳамда ноёб жарроҳлик амалиётлари замонавий технологиялар ёрдамида бажарилаётгани ҳақида кўп гапирилади. Аммо сўровнома натижаси ва кузатувчилар қолдирган фикрлардан ҳам кўриниб турибдики, соҳада ва айнан туғруқхоналарда “суюнчи пули” сўраш, коррупция ҳолатлари ҳозир ҳам учрамоқда.
Суюнчими ёки пора?
Яқинда фарзандли бўлдим. Туғруқхонада шифокор ва ҳамширалар чақалоқ туғилиши билан “суюнчи” сўрашни бошлади. Аввалига пул бермадим, аммо ярим тунда аёлим соғлиғи ёмонлашгани, ҳеч ким хабар олмаётгани ва ҳамширалар суюнчи пули сўраётганини айтди. Албатта, бу вазиятда хотинимннинг саломатлигини ўйлаб, шифокор ва ҳамшираларга пул бердим. Ўша заҳоти уларнинг муносабати ўзгариб, туғруқхонадан жавоб бергунча аёлимдан хабар олиб туришди.
Машраб аканинг “Гапиришга тилим бор, лекин ҳаққим йўқ...” деган ҳолатини тушундим. Энди ўйлаб кўринг, бу порами ёки суюнчи? Дейлик, чақалоқ туғилганда миннатдорчилик юзасидан суюнчи бериш керакдир, аммо суюнчини рози бўлиб, порани оғриниб берганнинг фарқи бор.
Уч кунлик чақалоққа дабдаба нима керак?
Туғруқхоналар ҳақида гап кетганда, чақалоқ туғилгандан кейин қилинаётган дабдабабозлик ҳақида ҳам тўхталмасликнинг иложи йўқ. Қадимда бир оилада фарзанд туғилганда унга яхши исм қўйиш, ҳалол нарсалар билан танглайини кўтариш, ақиқа, эҳсон қилиш, қон чиқариш, дарахт экиш ва бошқа шу каби амаллар бажарилган. Ҳозир-чи?
Баҳайбат ўйинчоқ айиқлар, гулдаста кўтарган болалар, карнай-сурнайчилар жамоаси, безатилган машиналар, уларни видеога олаётган камералар... Буларнинг барчаси битта чақалоқни туғуруқхонадан олиб чиқиш учун қилинган. Бугун аксарият туғруқхоналарда ҳолат шундай. Лол қоласан киши, 3-4 кунлик гўдакка бундай дабдабабозлик керакми?
Тўғри, ҳамманинг орзу-ҳаваси бор, лекин бу орзуларнинг ҳам чегараси бўлиши керакку. Туғруқхонага ҳар хил шароитдаги бемор келади. Кимнингдир оиласи ўзига тўқ, бундай дабдабага қурби етиши мумкин. Лекин орамизда зўрға кун кўраётган, битта дорига амаллаб пул топаётганлар бор, улар пулни қаердан олади? Наҳотки бу каби ҳашамлар баъзи одамларнинг кўнглига тегишини ўйламаймиз. Бу жараёнда фақат беморлар, уларнинг яқинлари эмас, балки туғруқхоналар масъулларининг ҳам айби бор. Чунки ҳудудда шундай дабдаба ўтказишга имкон яратиб беришмоқда ва назоратга олинмаяпти.
Бу орқали тизимни ёки тиббиёт ходимларини ёмонотлиққа чиқаришдан йироқмиз. Аммо юқоридаги каби ҳолатлар тизимда йўқлигига одамларни ишонтириш шу соҳа масъуллари ва тизимда фаолият юритаётганларнинг вазифаси.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.