8 сентябрь − Халқаро журналистлар бирдамлиги куни
Бир қарашда, журналистика у қадар хавфли касбга ўхшамаса-да у дунёдаги энг хатарли касблардан бири деб тан олинган.
UNESCO расмий сайтининг 1993 йилдан бошлаб қайд этган рўйхатига кўра, бугунгача дунёда 1405 нафар журналист ўлдирилган. Журналистларга ҳужум ҳақидаги хабарлар бугун ҳам тез-тез қулоққа чалиниб туради, афсуски.
Шу сабаб қалам аҳлининг ўзаро бирдамлиги нафақат тилда, балки амалда ҳам ўз исботини топиши учун бирдамлик куни алоҳида байрам сифатида белгиланган. 1958 йили Халқаро журналистлар ташкилотининг Бухарестда бўлиб ўтган IV конгресси қарорига биноан, ҳар йили жаҳонда 8 сентябрь Халқаро журналистлар бирдамлиги куни (International day of solidarity of journalists) сифатида нишонланади. Маълумотларга кўра, кейинчалик БМТ томонидан ҳам ушбу кун Халқаро журналистлар бирдамлиги куни деб эълон қилинган.
Бу кун ўз-ўзидан танланмаган, албатта. Ушбу кун 1943 йил 8 сентябрь куни Берлинда фашистлар томонидан қатл қилинган чехословакиялик журналист ва адабий танқидчи Юлиус Фучик хотирасига бағишлаб танланган. Фучик Прага қамоқхонасида бўлган вақтида "Дор остидан репортаж" (Notes from the gallows) китобини ёзган. Мазкур китоб дунёнинг 70 тилига таржима қилинган бўлиб, муаллиф вафотидан сўнг икки йил ўтиб, 1945 йилда илк бор чоп этилган, етти йил ўтиб эса Халқаро тинчлик соврини билан тақдирланган.
Маълумот учун, Америка журналистларининг энг нуфузли мукофоти ҳисобланмиш Пулицер мукофотининг тақдирлаш маросими ҳам деярли ҳар йили 8 сентябрда ўтказилади.