9-синф ўқувчиси одамларни ис газидан сақлаб қоладиган ихтиро яратди

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, 3 йилдан бери «Баркамол авлод» болалар мактабининг робототехника тўгарагига қатнайдиган Озодбек Ҳошимов одамларни газ, олов ва тутун юзага келганда хавф ҳақида тегишли хизматларга огоҳлантириш СМС хабарномасини юборувчи қурилма ихтиро қилди.

Бундай ғоя қандай юзага келди деган саволга Озодбек қуйидагича жавоб берди:

"Қиш мавсуми эди. Одамлар ис газидан вафот этди деган машъум хабарларни ОАВ орқали ўқиб, эшитганимда, бунинг олдини олиш керак деган ўй келди ва бунинг ортидан мана шу ихтирони яратиш ғояси туғилди. Агар ушбу ихтиро тегишли хизматлар билан интеграция қилинса, албатта бундай бахтсиз ҳодисаларнинг олди олинишига ишонаман"

Қурилма ёнғин хавфи юзага келганда, уй эгаларини огоҳлантириш билан бирга ўт ўчирувчиларга хавф юзага келган жойдан геолокация юбориб, СМС хабарнома ташлайди. Айни дамда Озодбекнинг ихтиросини патентлаш жараёни кечмоқда.