Абдулла Орипов: “Агар қайта туғилиш насиб қилганида албатта Самарқандни танлардим...”

21 март куни Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов таваллудига 80 йил тўлади. Мазкур сана муносабати билан шоирнинг акаси, қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор Раззоқ Орипов хонадонида бўлиб, у киши билан суҳбатлашдик.

- Домла, Абдулла аканинг ёшлиги, болалиги қай тарзда кечган? У киши қайси жиҳатлари билан бошқалардан ажралиб турарди?

- Оиламиз катта эди – тўрт ўғил, тўрт қиз, ота-онамиз билан ўн киши эдик. Биз яшаган Некўз қишлоғи Қашқадарё вилояти Косон туманининг адирлар бағридаги энг чекка ҳудудларидан бири бўлганиданми, у ерда радио, телевидение у ёқда турсин, ҳатто электр энергияси, ичимлик суви ҳам йўқ эди. Одамлар асосан чорвачилик билан шуғулланарди. Кечқурунлари пода қайтганидан сўнг, биз болалар кўчага чиқиб ой ёруғида турли ўйинлар ўйнардик. Абдулла ака-укалар орасида энг кенжаси эди. У ёшлигида бироз хаёлчан бўлганидан кечалари қир устида ётиб юлдузларни томоша қилишни яхши кўрарди. Бундан ташқари, Абдулла қишлоғимиз мактабидаги кичкинагина кутубхонада соатлаб ўтириб мутолаа қиларди. Мазкур кутубхонадаги деярли барча китобларни у 7-8 синфлардаёқ ўқиб чиққан эди, десам муболаға бўлмас. Шоир болаликданоқ ёлғон, хушомад, тилёғламалик, манфаатпарастлик, маҳаллийчиликни ёмон кўрарди.        

- Шоирнинг устозлари ҳақида нималар дея оласиз?

- Абдулла ўқувчилик йилларида қайсидир бир тадбирда тасодифан ўша пайтлардаги Қарши тумани ижроқўми раиси Ҳамроқул Мамедов билан учрашиб қолади. Ҳамроқул ака ундан бир шеър ўқиб беришини сўрайди. Шунда бўлажак шоир “Кремль юлдузи” деб номланган шеърини ўқиб беради. Шеърни тинглаб туриб Ҳ.Мамедов Абдулладан “Москвага борганмисан?” деб сўрайди. Шоир унга “Йўқ, бормаганман” деб жавоб беради. Шунда Ҳамроқул ака Абдуллага қараб “Агар ҳақиқий шоир бўламан десанг, ҳеч қачон ўз кўзинг билан кўрмаган нарсанг ҳақида ёзма!” дейди. Абдулла кейинчалик Ҳ.Мамедовнинг шу сўзларини жуда кўп эслар ва бутун умри давомида ана шу қоидага амал қилиб яшаган эди.

Шунингдек, укам менга яна бир одамнинг ёрдамини айтиб берганди. Унинг айтишича, Тошкент давлат университетини битирганидан сўнг, 1963 йилда Абдуллани ўзи туғилиб ўсган Косон туманида чиқадиган газетага муҳаррир ўринбосари қилиб юборишади. Бу ерда бир йилча ишлаганидан кейин, вилоят партия қўмитасининг биринчи котиби, адабиётни чин дилдан севадиган инсон Умаржон Исмоилов билан учрашиб қолади. У отамни яхши танир экан. Ота-болани қабулига чақиради. Отамга қараб, “Ориф ака, бир пайтлар мен ҳам шеър ёзардим, афсуски, мана бу ишларга берилиб кетиб шу жойларда қолиб кетдим. Сиздан илтимос, ўғлингизни Тошкентга қайтариб юборинг, ўша ерда ижод қилсин, катта шоир бўлади. Агар бу ерда қолса борингки, вилоят газетасига бош муҳаррир бўлар. Нима кўп қишлоқда тўй-маърака кўп. Тўйларда ҳаёт шу экан деб юраверади, кейин менга ўхшаб қишлоқда бир умр қолиб кетади”, дейди. Шунда Абдулла “Умаржон ака, Тошкентда менинг бошпанам, кутиб турган иш жойим йўқ-ку, кўчада қолсам нима бўлади?”, дейди. Умар ака “менинг Сотволди Йўлдошев деган курсдош дўстим “Ёш гвардия” нашриётида директор бўлиб ишлайди, ҳозир мен сенга бир хат ёзиб бераман, ўшани Сотволдига олиб бориб берсанг, сенга иш ҳам, ижара уй ҳам топиб беради”, дейди. Шу одамнинг гапи билан шоир яна Тошкентга келиб Сотволди акани топади. У киши ҳозирча бўш иш жойи йўқлигини, аммо корректорга ёрдамчи қилиб тайинлашини, ойлик маоши 52 сўм бўлишини айтади. Шоир жуда хурсанд бўлиб кетади. Ўша вақтларда катталарда меҳр-оқибат, диёнат бор эди.

Шоир ижодининг шаклланишида эса таниқли адабиётшунос олим, Ўзбекистон Қаҳрамони, Озод Шарафиддиновнинг улкан ҳиссаси бор. Озод ака Тошкент давлат университетининг журналистика факультетига киришда бўлғуси шоирдан биринчи ёзма имтиҳон олганидаёқ унинг истеъдодига тан берган эди. Шундан буён атоқли олим бизнинг оила аъзомиздек бўлиб қолганди. Оилавий тадбирлар, тантаналаримиз у кишининг иштирокисиз ўтмасди. Яхши эслайман, шоирнинг “Митти юлдуз” деб номланган биринчи китоби босмадан чиққанида Озод ака шундай деб ёзган эди: “...Ёш шоир Абдулла Орипов ўз шеърлари билан йиллар, асрлар давомида шеъриятимиз ривожига тўсиқ бўлиб ётган эскича усуллар, қарашларни парчалаб ташлаган ҳолда ўзбек шеъриятига янгича руҳ, мутлақо янги бир йўналиш олиб кирди...”  

- Ўтган асрнинг 70-йилларида шоир нима сабабдан жиддий танқидга учраган ва уни кимлар ҳимоя қилган?    

- Дарвоқе, шундай бўлганди. Бу воқеалар Абдулланинг бор-йўғи икки куплет, 8 мисрадан ибрат “Тилла балиқча” шеъри муҳокамаси атрофида юз берган. Шеърда айтилишича, кимдир тилла балиқчани келтириб бир лойқа ҳовузчага солиб қўяди. Шеърнинг энг сўнгги мисраларига эътибор қилинг: “Менга алам қилар, тилла балиқча бир ҳовуч кўлмак деб билар дунёни”.

Ўша замонда совет мафкураси жуда кучли эди. Ҳақиқий истеъдод эгаларини кўролмайдиган айрим “қаламкашлар” эса бу ҳукмрон мафкуранинг тегирмонига сув қуйиб туришарди. Пашшадан фил ясовчи шундай “танқидчи”лар шоир бу шеъри орқали совет тузумини сасиб ётган кўлмак сувга, фуқароларни эса эзилган, кун кўролмаётган балиқчага ўхшатган, деб айюҳаннос солишди. Ёш шоирнинг бошида қора булутлар тўпланаётган шундай бир пайтда атоқли ёзувчилар Ойбек ва Абдулла Қаҳҳор уни ёнига чақириб, Ёзувчилар уюшмасига кириш учун тавсиянома беришади. Бу билан улар “Ҳой барака топкурлар, бу бола ҳақиқий истеъдод эгаси, унинг ёзганларида ҳеч қанақа ёмонлик йўқ, қолаверса у ҳимоясиз эмас, бу шоирнинг орқасида бизлар турибмиз” дейди. Яна бир гап. Шоирга, айниқса Абдулла Қаҳҳорнинг меҳри бошқача эди. Ўша йилларда ёзувчининг 60 йиллик юбилейи муносабати билан Фарғонада Абдулла Қаҳҳорнинг ижодий кечаси ташкил этиладиган бўлади. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси масъул ходимлари мазкур тантанада иштирок этувчи ижодкорлар рўйхатини тузаётганида, Абдулла Қаҳҳор уларга сим қоқиб: “Тадбирга Абдулла Ориповни албатта чақиринглар, агар шоир Фарғонага бормаса, мен ҳам бормайман” деган экан.

- Эшитишимизча, “Ҳаким ва ажал” поэмасини Абдулла ака Шароф Рашидовнинг топшириғи билан машҳур “Карлови Вари” санаторийсида ёзган экан...

- Ҳа, бу сиҳатгоҳда ўша даврда дунё миқёсидаги йирик давлат арбоблари дам олишган. Шу жумладан, Шароф Рашидовга ҳам бу ерда дам олиш учун йўлланма ажратилган экан. Абдулланинг ижодига отилаётган туҳмат тошлари тўхтамаётганини кўрган Шароф ака шоирни чақириб унинг қўлига ўзи учун ажратилган санаторий йўлланмасини беради ва 1000 йиллик юбилейи яқинлашиб келаётган улуғ аллома Абу Али Ибн Сино ҳақида бир шеър ёзиб келишни илтимос қилади. Абдулла сиҳатгоҳдаги таътили давомида бу вазифани ортиғи билан бажариб, буюк бобомиз ҳақида шеър эмас катта бир поэма ёзиб келади ва уни Ш. Рашидовга топширади. Асар Шароф акага жуда маъқул бўлади ва у киши Ўзбекистон телерадиокомпаниясига шу асар асосида видеофильм яратиш вазифасини топширади. Давлат раҳбарининг ана шу топшириғидан сўнггина Абдулланинг “танқидчилари” бироз тинчиб қолишади.

- Ака, оғир бўлса ҳам шоирнинг Америкада ўтган ҳаётининг сўнгги кунлари ҳақида гапириб берсангиз...

- Умрининг сўнгги икки ойи мобайнида укам Абдулла қизи Мавлуданинг Техас штатидаги хонадонида яшади. Нимагадир бу пайтда унинг айрим қаламкаш дўстлари, шогирдлари шоирни мутлақо унутиб қўйишган эди. Шундай оғир кунларда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Абдуллани ҳар томонлама қўллаб, унга моддий ва маънавий мадад бериб турдилар. Ватандан йироқда шоир ижод билан фаол шуғулланди. Ватан ҳақида, замондошлар ҳақида бир-биридан ажойиб шеърлар ёзди. Эсимда, шоир ўзбек шеъриятининг бугунги аҳволи, баъзи ясама шоирлар ҳақида шундай деган эди: “Шоирга, ижодкорга биринчи дўст – бу китобдир. Китобхондан ҳасадгўй, бахил, ёвуз одам чиқмайди. Ижодкорнинг оёғидан биринчи бўлиб ўзининг касбдоши тортади. Мен буни ҳаётимда жуда кўп кўрдим».

- Абдулла ака Самарқандга алоҳида меҳр, ғурур билан қараганини биламиз. Бу меҳр шоирнинг акаси ва синглиси шу заминда яшагани учунми ёки бошқа сабаблари ҳам борми? 

- Бу саволингизга жавобни бир воқеани ҳикоя қилишдан бошламоқчиман. Абдулла Орипов нафақат улкан шоир, балки моҳир таржимон ҳам эди. Ўтган аср 80-йилларининг ўрталарида у машҳур итальян шоири Данте Алигьерининг “Илоҳий комедия” асарини ўзбек тилига ўгирди. Бу таржима Италия олимлари ва адабиётшунослари томонидан юксак баҳоланди. Тез орада Италия ҳукумати ўзбек шоирини Данте номидаги миллий мукофот билан тақдирлади ва Абдуллани Римга таклиф қилди. Мукофот топширилгандан сўнг, маҳаллий амалдорлардан бири шоирнинг туғилган жойи билан қизиқади. Шунда Абдулла унга қараб: “Шарқ афсонасига кўра, Ер шарини каттакон бир ҳўкиз шохларида кўтариб туради. Ҳўкизнинг бир шохи Римга, иккинчиси эса Самарқандга қадалган. Мен ана шу Самарқандданман” дейди. Уйга қайтганидан сўнг мен шоирдан итальянларга нима учун бундай деб жавоб берганини сўрадим. Шунда Абдулла Римда Қашқадарёни кўпчилик билмаслигини, Самарқандни эса ер юзининг ҳамма жойида яхши билишларини, шунинг учун шу тарзда жавоб берганлигини айтиб, кулимсираб қўшиб қўйди: “Агар қайта туғилиш насиб этганида мен албатта Самарқандни танлардим.”

Укам ҳар гал Самарқандга келганида Амир Темур, Шоҳи Зинда, Имом Бухорий мажмуаларини ва Регистон майдонини албатта зиёрат қилар ва астагина “Қаранг, бу ерда улуғ Навоийнинг излари бор” деб пичирларди...   

- Абдулла акани моҳир таржимон бўлган дедингиз. У киши ўзининг асарлари таржимасига қандай муносабатда бўлганлар?

- Шоир билан бир гал Москвада бўлганимизда СССР Ёзувчилар уюшмасига кирдик. Шунда бир баланд бўйли рус шоири (исми фамилияси ёдимда йўқ) Абдуллага унинг шеърлар китобини рус тилига таржима қилганини, шу китобни нашр этиш учун розилик беришини сўраб қолди. Шоир таржималар билан танишар экан, улардан кўнгли тўлмади ва таржимонга қараб, бу асарларнинг таржимасига рози бўлмаслиги, улар оригиналга мутлақо тўғри келмаслигини таъкидлаб, энди бу шеърларни рус шоири ўзининг муаллифлигида эълон қилишини айтди. Ҳалиги таржимон шоирдан бироз ранжигандек бўлди. Шунда мен Абдулладан нега ундай дегани сабабини сўрадим. Шоир “Ака, бу таржималарда менинг ғоям, услубим, миллий руҳ мутлақо йўқ. Улар таржимоннинг шеъри бўлиб қолган. Шеърият бир кишининг кўнглига қараб яралмайди. Хафа бўлса бўлар” деди. Таржима ҳақида гап кетганида Абдулла Санкт-Петербурглик машҳур олим Сергей Иванов ва шоир Александр Файнбергларнинг таржималарини юксак қадрлашини кўп айтарди.   

- Абдулла Ориповни мухлислари улкан ижодкор, мамлакат мадҳиясининг муаллифи, чинакам ватанпарвар сифатида ҳам яхши билишади. Истиқлолимизнинг 30 йиллиги нишонланадиган йилда шоирнинг бу хислатлари алоҳида аҳамиятга молик...

- Фикрингизнинг давоми сифатида шоирнинг 2015 йилда хусусий телеканаллардан бирига берган қуйидаги интервьюсини келтирмоқчиман: “Мен бир ҳисоблаб кўрсам ўзбек халқи қарийб 850 йилдан буён қулликни бошидан кечирган экан. Даставвал Александр Македонский, муғуллар босқини, араблар истилоси ва ниҳоят, рус империясига қуллик. Ҳалиям бу халқнинг тили, дини ва қадриятлари тугул, ўзи ер юзидан йўқ бўлиб кетмаганига шукур қилиш керак. Тўғри, бу халқдан ҳукмдорлар чиққан, аммо улар ҳам маънавий жиҳатдан кимгадир қул бўлишган. Қуллар эса эртанги кунини тасаввур қилолмайди, озодлик нималигини билмайди. Унинг учун бир парча нон, бир қултум сув, чала-ярим кулба бўлса кифоя. Бугуни ўтса бўлди. Эртани ўйламайди. Ҳаёт шу экан деб яшайверади.

Араб истилочилари бизнинг ота-боболаримизга Қуръони Каримнинг сура ва оятлари маъносини тушунтирмаганлар. Сен қулсан, сенга тушунишни ким қўйибди, тушунганингда нима ўзгарарди, дейишган. Шунинг учун ҳам ҳозиргача исмларимизда қул деган қўшимча сақланиб қолган. “Қулмурод”, “Ориқул”, “Остонақул”, “Мардонқул” ва ҳоказо. Рус истилочилари эса биз сизларни озод қилдик, энди ҳар тонг бизларга сажда қилишларинг керак, деб ўзларининг мадҳиясини ёдлатишди. Эсингиздами, бу мадҳия “Ассалом рус халқи, буюк оғамиз!” деган сўзлар билан бошланарди. Шу мадҳияни биз 70 йил давомида ҳар куни айтиб келдик. Иккинчи жаҳон урушида биронта ҳам ўзбек учувчиси ёки маршали бўлмаган. Чунки Масковдаги доҳийлар бу халқ пахта экишдан бошқа ишга ярамайди, дейишган. Бир адашиб Собир Раҳимов генерал бўлиб қолганида биринчи ўзбек генерали деб узоқ йиллар мақтанишдан эринмадик. Ўйламадикки, генералларнинг генерали Амир Темур, Жалолиддин Мангубердилар бизнинг бобомиз-ку, ахир! Биринчи академиклардан геолог олим Ҳабиб Абдуллаев ўзбек болаларини ўқитаман деб Москвага олиб борганида уни ушлаб олиб, турли бўҳтонлар билан қамаб қўйишди. Америкага борсангиз, кўп ўзига тўқ одамлар уйларининг пештоқига давлат байроғини қадаб қўйганини кўрасиз. Ана сизга ватанпарварлик! Агар бизларда бирон одам шундай қилса, дарров тез ёрдамни чақириб руҳий касалликлар шифохонасига ёки миршабхонага олиб боришади”.         

- Сермазмун суҳбатингиз учун ташаккур!

Ёрмамат РУСТАМОВ суҳбатлашди.