Буюклар ҳақида 100 та далил

Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида шу номда чоп этилган китоб тақдимоти ўтказилди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан “Ўзбекистон тарихи” телеканали ҳамда Ўзбекистон Фанлар академияси ҳамкорлигида 8 та тилда тайёрланган ушбу тўпламда дунё тамаддунига муносиб ҳисса қўшган аждодларимиз ҳақида энг муҳим маълумотлар жамланган.

Тадбирда мазкур тўпламнинг аҳамияти, келгусида давомли чоп этилиши ҳақида маълумотлар берилди.

- Ушбу китоб келажак авлод болалари учун, қолаверса, фарзандларимиз учун қимматли ва муҳим манба бўлиб хизмат қилади, - деди Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Холбек Кўбаев. - Зеро, ҳар бир миллатнинг равнақи, маънавий бойлиги унинг буюк шахслари билан чамбарчас боғлиқ. Уларнинг ҳаёти, фаолияти, фикрлари – авлодлар учун ўрнак, йўлланма. “Буюклар ҳақида 100 та далил” жамланмаси ҳам айнан шу жиҳатдан ўрнак ва сабоқ манбаидир.

Ушбу жамланмада ўқувчи нафақат юртдошимиз саналган буюк олим-у фузалоларни, балки дунё тан олган шахсларнинг ҳаёти, меҳнати, қийинчиликларга қай тарзда бардош бергани ҳақида ўқийди. Бу китоб инсонда ватанпарварлик, инсонпарварлик каби фазилатларни уйғотади.

Китоб бизга шунчаки маълумот эмас, ҳаётни, ўзлигимизни англаш имконини беради. Буюк инсонлар қандай фикрлаган? Қандай яшаган? Улар нима учун ортларидан из қолдирган? Ушбу саволларга жавоб шу китоб ичида яширинган.

Тўпламдаги тасвирлар сунъий интеллект ёрдамида яратилиб, тарихий воқеалар қизиқарли тарзда акс эттирилган, шунингдек, унда QR-ҳавола орқали маълумотларни эшитиш ва кўриш имконияти мавжуд.