Абдулла Орипов: “Сени соғинсинлар, сен кўп соғиндинг”
Президентнинг 2020 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги Қарорига кўра, ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган атоқли шоир, таниқли жамоат арбоби, давлат мадҳияси муаллифи, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллиги мамлакат бўйлаб кенг нишонланмоқда.
Қуйида севимли шоиримизнинг ҳали кўпчилик ўқимаган, умрининг сўнгги йилларида ёзган шеърларидан намуналар ўқийсиз.
СОҒИНЧ
Сени соғинсинлар,
Сен кўп соғиндинг,
Чора йўқ барибир икки ҳолда ҳам.
Дарёдек тошардинг, кўл каби тиндинг,
Фақат руҳинг қолди сен билан ҳамдам.
Афсус, соғинчнинг ҳам бордир адоғи,
Кейин унутилиш, бари абасдир.
Соғинган одамнинг кўнглида доғи,
Соғинтирганга ҳам осон эмасдир.
28.01.2015 й.
МЕҲР
Негадир ёш бола ва ёки бемор,
Гуноҳ иш қилгандек боқар жавдираб.
Овозингни баланд қилдингми бир бор,
Улар ҳадик ичра қолар довдираб.
Йўқ ахир уларнинг зарра гуноҳи,
Мудрар қалбларида бардош ва сабот.
Фақат меҳрга зор улар нигоҳи,
Кутганлари эса шафқат ва нажот.
25.01.2015 й.
ТЎЙЛАР
Тўйга айтган эди азиз бир дўстим,
Дўконни айланиб, совға ҳам олдим.
Бордим, тўйхонада йўқ эди ҳеч ким,
Янглишиб келибман мен бир кун олдин.
Яна бир оғайним, ўз-ўзига тўқ,
Тўй қилишни кутди, кутди ичикиб.
Борсам, тантанадан зарра нишон йўқ,
Ахир, мен келибман бир кун кечикиб.
Ҳаёт шукронага мутлоқ муносиб,
Тириклик ўзидир олий мукофот.
Ҳар кимга бахт-иқбол айласин насиб,
Уйсизга уй берсин, беморга нажот.
Тўйнинг-ку узрини айтмоқлик осон,
Қутловнинг эшиги ҳамиша очиқ.
Лек дилингни қийнар бошқа бир армон,
Қайда у — насибанг, сенга ярашиқ.
Ёнма-ён юраркан севинч билан ғам,
Бир ҳолни тушунмай, ҳайронман, аммо
Дунёни неъматим дегандинг, Эгам,
Эрта келдимми мен, кечикдимми ё?
16.09.2014 й.
ДЎСТЛАР ВА РАҚИБЛАР
Ёшлик йилларимни эслайман секин,
Гоҳида тинибман, гоҳида қайнаб.
Турфа сатрларни битибман, лекин
Бир сўз ҳам ёзмабман қаламни қийнаб.
Ўрни келганида кечдим дарёдан,
Битта ўзим қолдим гирдобда гоҳо.
Куч олдим дўстларим берган ҳирмондан,
Тортди оёғимдан рақиблар аммо.
Агар тоғ аталса у шонли равоқ,
Олтин зинасига қўйдим бир кун бош.
Дўстларим қутловга қўл чўзди, бироқ
Рақиблар тепадан отиб турди тош.
Равон йўл йўқ экан, ҳар ён сўқмоқдир,
Йўлбарс ҳам юрмаган чигал бу ўрмон.
Дўстлар-ку юлдуздек сенга маёқдир,
Рақиблар билдирмай қўярлар қопқон.
Бу ёруғ дунёда йўл юриб албат,
Охири тўхтайсан, паймонанг тўлиб.
Ўша кун дўстларга бермасдан навбат,
Рақиблар сўз айтар биринчи бўлиб.
Инсонга кўргилик азалдан ўтган,
Доимо виждонга келтирганлар шак.
Худойим ургану пайғамбар туртган
Рақибнинг устози — Иблисдир бешак.
29.01.2015 й.
КУН КЎРИШ
Чалпак ёққан эмас осмондан асло,
Ҳар ким насиб этган луқмасин еган.
Одам болаларин лафзида аммо,
Битта ибора бор “Кун кўриш”, деган.
Аслида бу қисматга йўлиққан ҳар кас
Орзу умидидан айрилган демак.
Қайда бир унумни илғадими, бас,
Ўша томонга у югурган бешак.
Кун кўриш дегани ўртаб дилларни,
Амаллаб яшашдан бир белги, нишон.
Забтига олгай у ҳатто элларни,
Не-не мардларни ҳам айлагай яксон.
- Нега ёлғон айтдинг, алдадинг нега,
Нега ҳақни ёқлаб бермадинг туриш?!
Дейди:-сен Ҳақ дейсан, жон керак менга,
Кун кўриш керакми, ахир кун кўриш.
Кун кўриш йўлида юрарлар куйлаб,
Кун кўриш дардида тўкарлар кўз ёш.
Агарда теранроқ қарасанг ўйлаб,
Жаллод ҳам кун кўриш учун олгай бош.
Фақат кун кўриш деб қилинган ишдан,
Баҳра топармикан бирорта банда.
Одам чарчар бир кун бундай юмушдан,
Ўзини ўйлар-ку ҳеч бўлмаганда.
Улуғ орзуларга этганди даъват
Фидойи инсонлар – беназир зотлар.
Наҳотки, кун кўриш йўлида фақат
Ёниб битган бўлса ўша ҳаётлар?!
Инсоф бера қолсин ҳар кимга Эгам,
Ҳаёт кўзгусида турланмоқ нечун.
Эҳтимол, мана шу сатрларни ҳам,
Ёзиб тургандирман кун кўриш учун.