Абитуриентларнинг қарийб 36 фоизи ўтиш баҳосини тўплай олмаган

Ўзбекистон олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари натижаларига кўра, абитуриентларнинг 35,8 фоизи ўтиш балини тўплай олмаган. Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев бунга эътибор қаратди.

Давлат тест маркази (ДТМ) маълумотларига кўра, бу йил деярли 893 минг абитуриент тест синовларида иштирок этди. Улардан 319 минг нафари ўтиш балининг энг қуйи чегараси бўлган 56,7 бални тўплай олмаган.

Ҳудудлар кесимида имтиҳонлардан муваффақиятсиз бўлганларнинг аксарияти Қашқадарё (39,4 минг), Самарқанд (35 минг) ва Тошкент (34,1 минг) вилоятларида қайд этилган. Сирдарё вилояти энг яхши натижага эга — 12 минг.

“56,7 балл — бу тўплаш мумкин бўлган энг юқори 189 балнинг 30 фоизи дегани. Яъни абитуриент ҳеч бўлмаса 30 фоиз билимга эга бўлса, ушбу кўрсаткични тўплай олади. 30 фоиз билим эса рейтинг тизимидан қиёс олсак, ҳатто 2 баҳо ҳам эмас! 1 баҳо десак тўғри бўлар балки», — деб ёзади Хушнудбек Худойбердиев.

У 56,7 балл тўплаш учун қанча тўғри жавобни кўрсатиш кераклигини маълум қилди. Унга кўра, мажбурий блокдаги 10 та саволдан 5 тасига, мутахассислик блокидаги 20 та саволдан 4 тасига жавоб бериш керак.

“Мажбурий блокдаги саволлар ўта ва ўта осон даражада бўлса, мутахассислик блокидаги саволларга эса ҳаммасини битта ҳарф, масалан “А” қилиб белгиласа ҳам 4 тадан ошиқ чиқса, наҳотки 319 минг абитуриентлар шуни ҳам эплай олмаган. Бу даҳшат эмасми?” — деб ёзади блогер.

Маълумот учун, жорий йил Ўзбекистонда қарийб 950 минг нафар абитуриент олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан 535 минг киши ёки 36,1 фоизга кам. Ҳужжат топширганларнинг 46 фоизи сиртқи таълимга ҳужжат топширган.