Адабиёт илмининг алломаси - Воҳид Абдуллаевни эслаб

Машҳур олим ва шоир Воҳид Абдуллаев 1912 йил 15 майда Самарқанд шаҳрида таваллуд топди. Шаҳардаги 10-сонли мактабда ўрта таълимни олгач, Фарғона давлат педагогика институтини аъло баҳолар билан тамомлади. Аввал Москвада, сўнгра Тошкентда аспирантурада таҳсил олди. 1935-1943 йилларда Бухоро ва Самарқанддаги педагогика институтларида кафедра мудири бўлиб ишлади. 1944 йилдан умрининг охиригача (1985 й.) Самарқанд давлат университети ўзбек адабиёти кафедрасининг доценти, мудири бўлиб ишлади.

Воҳид Абдуллаев 1963-1970 йилларда университет ректори бўлди. Икки марта Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг депутатлигига сайланди. 1941 йил фанда биринчи бўлиб “Алишер Навоийнинг Самарқанддаги ҳаёти ва фаолияти” мавзусида номзодлик диссертациясини ёқлади. Домланинг фандаги бу катта ютуғига Садриддин Айний ва бошқалар юксак баҳо берди.

Ўзининг илк илмий изланишларини Мир Алишер Навоий ижодини ўрганишдан бошлаган В.Абдуллаев қарийб 50 йил талабаларга Навоий меросидан, ўзбек мумтоз адабиётининг бой тарихидан сабоқ берди. “Алишер Навоий Самарқандда”, “Ўзбек адабиёти тарихи”, “Асрлар нафаси”, “Мирий ва унинг замондошлари” (Б.Валихўжаев билан ҳамкорликда) каби асарлардан ташқари 250 дан ортиқ илмий ва илмий-оммабоп мақолалар эълон қилди. Бу мақолаларнинг айримлари 1980 йилда Тошкентда чоп қилинган унинг “Сайланма”сига киритилди. У истеъдодли шоир, насрнавис сифатида “Самарқанд сайли”, “Бедор қўшиқлар” шеърий тўпламлари; “Янгилик ярашади”, “Мададкор эшелон” каби рисола ва ҳужжатли қиссаларини ҳам мерос қолдирди.

В.Абдуллаев илмий фаолияти ҳудудлар уфқининг кенглигидан, асарларининг таъсир доираси ва аҳамиятининг чуқурлигидан ажралиб турган. 1950 йилларда у бошчилик қилаётган СамДУ ўзбек адабиёти кафедраси ўз тараққиётининг янги босқичига кўтарилди. Олим бу ерда бирга фаолият кўрсатаётган ҳамкасблари, профессор Абдураҳмон Саъдий, доцент Маҳмудали Юнусов, ёш олимлар Ориф Икромов, Нуриддин Шукуров, Раҳим Муқимов, Сайдулла Мирзаев, Ботурхон Валихўжаевларга бош бўлиб, бутун ғайрат-шижоатини ўзбек мумтоз ҳамда ҳозирги замон адабиётининг актуал масалаларини тадқиқ қилишга, талаба ёшларга чуқур билим беришга, истеъдодли ёш олимлар тайёрлашга қаратди.

В.Абдуллаев 1959 йилда Бокуда “ХVII-ХVIII асрларда Хоразмда ўзбек адабиёти” мавзуида докторлик диссертацисини ҳимоя қилди. Икки жилддан иборат бу тадқиқот ўзбек мумтоз адабиётини бойитди. Асар Бухоро, Миёнколот, Самарқанд каби қадимдан илм-фан ва бадиий ижод ўчоғи бўлиб келган, шоир ва адиблар ҳақида янги бой материал ва фикрлар билан тўлдирилиб, дарслик ҳолига келтирилди ҳамда у “Ўзбек адабиёти тарихи” (2-китоб) номи билан 1964, 1967, 1980 йилларда қайта нашр этилди.

Воҳид Абдуллаев 1960 йилдан бошлаб Ўзбекистон Фанлар академиясининг мухбир аъзоси, 1966 йилдан эса ҳақиқий аъзоси этиб сайланди. Академик яратган мактаб халқ хўжалиги, маорифи, олий ўқув юртлари ҳамда илмий-текшириш институтлари учун юқори малакали олимлар ва педагогларни етиштириб беришга катта ҳисса қўшди. Жумладан, илм, ижод йўлланмасини шу мактабдан олган филолог олимлар Тошкент, Бухоро, Хоразм, Фарғона, Андижон, Наманган, Термиз, Қарши, Жиззах, Сирдарё, Самарқанд олий ўқув юртлари ва илмий текшириш институтларида хизмат қилишган. Улар орасида академик Б.Валихўжаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоблари Р.Муқимов, Ғ.Саломов, Н.Шукуров, С.Мирзаевлар, филология фанлари докторлари, профессорлар, таниқли ёзувчи шоирлар, журналистлар, давлат арбоблари бор.

Бундан ташқари, В.Абдуллаев раҳбарлигида йигирмадан ортиқ ёш олимлар турли йилларда номзодлик диссертацияларини ёқладилар. Айниқса, 60-80-йилларга келиб кафедрада фан докторлари ва профессорлар сафи орта борди, Б.Валихўжаев (1968), Н.Шукуров (1973), Р.Муқимов (1975), Р.Орзибеков (1983), С.Мирзаев (1976), Ш.Шукуров (1985), Ш.Холматов (1990) шулар жумласидан.

Воҳид Абдуллаев юксак педагогик маҳоратга эга мураббий эди. Унинг дарсхона ва анжуманлардаги ўта мазмунли, қизиқарли илмий маърузалари, сабоқларини тингловчилари ҳанузгача ширин хотиралар билан эслашади. Домла бир неча марта давлат мукофотлари билан тақдирланган эди. Унинг ҳаётлик йилларида таваллудига 60, 70 йил тўлиши муносабати билан қатор рисолалар, библиографик очерклар нашр этилди.

Вафотидан сўнг Самарқандда “Воҳид Абдуллаевич Абдуллаев” (1987), “Эзгулик умр мазмуни” (1992), Тошкентда “Адабиёт илмининг алломаси” хотира асарлари чоп қилинди, мактабларга, кўчаларга унинг номи берилди.

Академик Воҳид Абдуллаевнинг ҳаёт йўли буюк Алишер Навоийнинг:

Бу гулшан аро йўқдур бақо гулиға сабот,

Ажаб саодат эрур чиқса яхшилик била от, -

байтига ҳамоҳанг тарзда кечди, дейиш мумкин. Негаки, устоз қолдирган яхши ном, кўплаб китоблар, солиҳ фарзандлар ва етиштирган тажрибали шогирдлар ажаб саодатдир.

 

Исроил Сулаймонов,

СамДУ мумтоз адабиёт тарихи кафедраси мудири,

филология фанлари доктори.