Адиз Бобоев Нара префектураси губернатори ўринбосари билан учрашди

Хабар берганимиздек, айни кунларда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев бошчилигидаги вилоятимиз делегацияси Японияда бўлиб турибди.
А.Бобоев ташриф доирасида Нара префектураси губернатори ўринбосари билан тор доирада мулоқот ўтказди.
Унда Ўзбекистон ва Япония давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидланди.
Учрашувда ҳудудлараро савдо-иқтисодий, илмий-техник ва маданий соҳалардаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилиб, бу борадаги имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳар жиҳатдан манфаатли эканлигига тўхталиб ўтилди.
Тўқимачилик, фармацевтика, металлургия ва электротехника саноати, таълим ва туризм соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилиниб, бу борада ўзаро ҳамкорликда ишлаш бўйича келишувга эришилди.
Шунингдек, Адиз Бобоев Япониядаги сочиқ ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи "Masui Co.Ltd" компанияси вакиллари билан учрашув ўтказди.
Учрашувда тўқимачилик саноатида муҳим ўрин тутадиган юқори сифатли пахта хомашёси ва тайёр иплар етказиб бериш ва бу борадаги имкониятлар муҳокама қилинди.
Томонлар Самарқанд вилояти пахта етиштиришда мамлакатдаги етакчи ҳудудлардан бири ҳисобланиши, Японияда эса сифатли, экологик тоза маҳсулотларга доимо талаб юқори эканлигидан келиб чиқиб, ўзаро ҳамкорликда ишлашга келишиб олишди.