Адиз Бобоев Турк дунёси муҳандислари ва меъморлари иттифоқи раисини қабул қилди

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев Иляс Демиржи бошчилигидаги Турк дунёси муҳандислари ва меъморлари иттифоқи аъзоларини қабул қилди.

Меҳмонлар Самарқандда Турк дунёси муҳандислари ва меъморлари иттифоқининг туркий дунё шаҳарсозлик қурултойини ташкил этишда кўрсатилган ёрдам учун миннатдорлик билдирдилар.

Томонлар икки давлат Президентларининг оқилона сиёсати туфайли Ўзбекистон-Туркия муносабатлари жадал ривожланаётганини қайд этди. Бугунги кунда вилоятимизда Туркия компаниялари иштирокидаги 104 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Жумладан, уларнинг 48 таси қўшма, 56 таси эса хорижий корхоналар ҳисобланади.

Ҳозирда Самарқандда шаҳарсозлик йўналишида Туркиянинг бир қатор компаниялари билан лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда.  Хусусан, илғор технологиялар ва бошқарув ечимлари асосида шаҳар қурилишини такомиллаштириш, шунингдек, яшил энергия соҳасида қардош халқларнинг муҳандислик ютуқларини ўрганишда Турк дунёси муҳандислар ва архитекторлар иттифоқи билан самарали ҳамкорлик қилиш имкониятлари кўриб чиқилди. Вилоят раҳбари бу жараёнда ҳамкорликнинг турли йўналишлари бўйича аниқ таклифларни қабул қилиб, ўрганиб чиқишга тайёрлигини билдирди.