Адлия вазири ўринбосари Ургутда фуқароларнинг 100 га яқин мурожаатларини ўрганди

Ургут туманининг “Қайнарбулоқ” маҳалласида яшовчи Зулфизар ая Содиқова ўтган йилнинг ёз ойларида инсультни бошдан кечиргач, тўшакка михланиб қолди. Тиббий кўрик, тинимсиз даволанишлар эса яхши натижани бермади. Афсуски, оила аъзоларининг топганлари ҳам дори-дармон, рўзғордан ортаётгани йўқ. Беморга эса амалий ёрдам лозим. 

Бежизга бу борада сўз бошламадик. Адлия вазирлиги раҳбарияти томонидан республикамизнинг олис ва чекка ҳудудларида фуқаролар ва тадбиркорлар учун сайёр қабуллар ўтказилиб, уларнинг муаммолари тингланмоқда. Ана шундай қабулларнинг навбатдагиси Ургут туманининг “Кенагас” маҳалласида бўлиб ўтди.

Мулоқотлар давомида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири ўринбосари А.З.Муҳаммадиевга фуқаролар уй-жой, моддий ёрдам, тадбиркорлик, саломатлигини тиклаш, кредит олиш, алимент ундириш, пенсия ва нафақа тайинлаш, бандлик сингари масалаларда мурожаат қилиб, 100 га яқин муаммо ва шикоятларини маълум қилишди. 

Мулоқотлар давомида Зулфизар ая Содиқованинг акаси Баҳодир Содиқов синглисининг бугунги аҳволи ҳақида гапираркан, ногиронлик аравачи олишга кўмак сўради. Мурожаат эса шу жойнинг ўзида қаонатлантирилди. Муҳими, улар қатори, 1-гуруҳ ногиронлари бўлган бир нечта фуқароларга ҳам ана шундай махсус аравачалар топширилди. 

Шунингдек, “Омонқўтон” маҳалласи фуқароси, қарийб 60 ёшни қарши олган Худойберди Маҳмудов турмуш ўртоғи Азиза Маматқулова билан шу пайтгача шаърий никоҳ асосида яшаб келгани, қонуний никоҳдан ўтишда айрим муаммоларга дуч келаётганини таъкидлади. Адлия вазири ўринбосари А.Муҳаммадиев бошчилигида оиланинг никоҳи шу ерда расман қонунийлаштирилиб, гувоҳномалар тантанали топширилди. 

Кенагаслик Асқар Раззақовнинг спортчи қизи, 13 ёшли Меҳригул Эшимова ҳам Қирғизистонда бўлиб ўтадиган чемпионатда вилоят шаънини ҳимоя қиладиган бўлди. Гапнинг индаллоси яна бир оиланинг чигал бўлиб турган мушкули ечимини топди. Демак, сайёр қабул одамларни йиллар давомида қийнаб келган 100 га яқин ана шундай муаммолар, очиқ қолган саволларга аниқ жавоб бўлди.  

— Қизим, Дилнура Аъзамова яқинда 16 ёшга тўлади, — дейди З.Раупова — Ҳа, демай паспорт олиши керак. Лекин туғилганлик гувоҳномаси йўқлиги сабабли бу масала муаммо бўлаётганди. Беэътиборсизлигимиз боланинг келажагига таъсир қилди. Қабулда вазиятимни тушунтириб, ёрдам сўрадим. Масалам жойида ҳал бўлди. Нафақат мени, балки, менга каби қанча ургутликлар ҳам ҳуқуқий, ҳам амалий ёрдам олишга муваффақ бўлишди.        

 Тадбир чоғида туман ташкилотлари томонидан бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилиб, нотариус ва адлия бўлимлари томонидан фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Хусусан, замонавий, мобил автобусда давлат хизматлари сайёр тартибда кўрсатилди. 

Мансур Ҳасанов.