Адлия вазирлиги: Самарқандда 7 ҳолатда уй огоҳлантиришсиз бузилган

Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сон қарори билан тасдиқланган Низомга (кейинги ўринларда – Низом) кўра ер участкаси олиб қўйилиши муносабати билан мол-мулки бузилишга тушган мулкдорлар бузилиш бошланишидан олти ой кечикмай ёзма хабардор қилиниши шарт бўлсада, бузилган турар жой эгалари Самарқандда 7 та ҳолатда умуман хабардор қилинмаган, 189 та ҳолатда хабардор қилиш муддатига риоя қилинмаган.

Низом талабларига зид равишда Самарқандда 37 та ҳолатда турар жойлар бузилгандан кейин баҳоланган.

Бундан ташқари, Республикамизнинг деярли барча ҳудудларда турар жойлар бузилиши муносабати билан мулкдорларни (уларнинг оила аъзоларини) вақтинчалик турар-жой билан таъминлаш ёки уларга ижара ҳақи ва кўчиб ўтиш харажатларини қоплаб бериш амалиёти йўлга қўйилмаган.

Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича туман (шаҳар) ҳокимликларига адлия органларининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлимлари томонидан 127 та тақдимнома ва 52 та огоҳномалар киритилиб, ҳуқуқбузарликлар содир этган 74 нафар мансабдор шахсларга нисбатан расмийлаштирилган маъмурий баённомалар тегишли судларга юборилди.

Бундан ташқари, вазирлик томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига тегишли тақдимномалар киритилди ва бу ҳақда Ҳукуматга ахборот берилди.

Ҳозирда туман (шаҳар) адлия бўлимлари аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва бу жараёнда фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш масалалари юзасидан доимий назоратни амалга оширмоқдалар.

Шунингдек, соҳани тартибга солувчи қонун ҳужжатлари вазирлик томонидан хатловдан ўтказилиб, уларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Ер участкасининг давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан 2016-2018 йилларда республика бўйича 4 689 та турар ва 1 456 та нотурар жойлар бузилган.