Маҳсулотнинг экспортбоплиги ва рақобатбардошлиги сифатга боғлиқ

"Санэпидқўмита"нинг Самарқанд вилоят бошқармаси мутахассислари озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда экспорт бўлаётган маҳсулотларни талаб даражасида тайёрлаш бўйича тадбиркорлар билан профилактик учрашув олиб борди.
Самарқанд туманидаги Қўштамғали маҳалласида фаолият юритаётган "Amir tea Samarqand" МЧЖда бугунги кунда маҳсулот сифатига алоҳида эътибор қаратилган. Жамият 2021 йилда ташкил этилган бўлиб, 50 нафардан ортиқ иш ўрни яратилган. Ҳозирда 120 хил маркали қорачой ҳамда 78 хил маркали кўк чой қадоқлаб, чиқарилмоқда.
Шунингдек, Фарҳод шаҳарчасидаги “Kuxiston baland” МЧЖ 2012 йилда ташкил этилган бўлиб, айни пайтда бу ерда 17 нафар ходим ишлаб келмоқда. Корхонада 78 турдаги зиравор маҳсулотлар қадоқланади. Маҳсулотлари Россия, Грузия, Ҳиндистон, Афғонистон, БАА ҳамда Вьетнам давлатларига экспорт қилинади.
– Ҳар бир маҳсулотни дунё бозорига чиқариш учун, энг аввало, унинг сифати ва табиий таркибига эътибор қаратиш лозим. Шу сабабли бугунги кунда бошқарма мутахассислари вилоятимиздаги ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолиятига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда, – дейди "Санэпидқўмита" вилоят бошқармаси бошлиғи Латиф Рустамов. – Мақсадимиз вилоятимизда фаолият юритувчи корхоналарнинг сифатли маҳсулотлар сонини кўпайтириш ва жаҳон бозорида уларни янада мустаҳкам ўрин эгаллашига кўмаклашиш.
Замонавий бозор иқтисодиёти ишлаб чиқариладиган маҳсулот сифатига муҳим талаблар қўяди. Чунки ҳозирги замонда ҳар қандай корхонанинг омон қолиши, унинг товарлар ва хизматлар бозоридаги мустаҳкам мавқеи рақобатбардошлик даражаси билан белгиланади. Ўз навбатида рақобатбардошликда маҳсулот сифатининг даражаси алоҳида аҳамиятга эга.