Адолат сари очилган ишончли йўл

Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида Янги Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ этиш, уни янада демократлаштириш ҳамда адолат мезонларига яқинлаштириш устувор вазифа сифатида белгилаб берилди.

Хусусан, 2026 йилдан бошлаб электрон ҳукумат платформасини янгилаш, “рақамли суд” концепциясини жорий этиш ва тергов жараёнларини рақамлаштириш орқали инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш назарда тутилган.

Давлат раҳбарининг ташаббуси билан судьяларни танлаш ва тайинлаш жараёнларида очиқликни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилди ҳамда унга конституциявий мақом берилди. Бу эса суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим институционал қадам бўлди.

Президентнинг 2025 йил 24 ноябрдаги фармонига мувофиқ, судьяларни аввал беш йиллик муддатга, кейин эса муддатсиз тайинлаш тартиби жорий этилди. Мазкур янгиликлар судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлигини кафолатлашга, суд фаолиятини халқаро стандартлар асосида ташкил этишга ҳамда ҳар қандай маъмурий босимларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Шу билан бирга, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишда ҳуқуқий тарғибот ишлари, хусусан, сайёр суд мажлисларининг аҳамияти беқиёсдир. Жумладан, ўтган йил мобайнида жиноят ишлари бўйича туман судида 288 та жиноят иши ва 3404 та маъмурий иш кўриб чиқилиб, шундан 552 таси сайёр суд тартибида ўтказилди.

Келгусида ҳам одил судловни таъминлаш йўлидаги ислоҳотлар изчил давом эттирилади. Зеро, одил суд — адолат қўрғони ва жамият тараққиётининг мустаҳкам пойдеворидир.

Фаррух Муҳаммадиев,

жиноят ишлари бўйича Самарқанд тумани суди тергов судьяси.