“Адолат”чилар 20 нафар “қўли калталарга қармоқ” тарқатди

Халқ депутатлари Паст Дарғом тумани кенгашига Ўзбекистон “Адолат” СДПдан сайланган Қуёш Ҳақбердиев ўзаро ёрдам, олижаноблик, саховатпешалик каби эзгу туйғуларни ёшлар онгига сингдиришга хизмат қилаётган тадбирларда фаол иштирок этмоқда.

- Тушунишимча, халқ ноиби фақат айни бир муаммони тегишли бошқарув органлари ёки кенгашга олиб чиқиши шарт эмас, - дейди Қ.Ҳақбердиев. – Шу боис шароит ва мавжуд ҳолатдан келиб чиқиб, одамларга кўмак беришга, уларнинг оғирини енгил қилишга ҳаракат қиляпмиз.

Дарҳақиқат, шу кунларда кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш палласи. Бу жараёнда имконияти кам, қўли калта инсонлар бундай ишларни амалга оширолмаслиги мумкин.

Шу боис Қ.Ҳақбердиев ташаббуси билан сайлов округи ҳудудидаги ёлғиз қариялар, ногиронлар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди.

Жумладан, Қўқони, Жағалбойли, Қоровултепа маҳаллаларида яшовчи 20 дан ортиқ хонадонга 10 тупдан мевали дарахт кўчатлари етказиб берилди.

Кексалар, ёрдамга муҳтож бўлган оилалар яшовчи хонадонларнинг томорқа ер майдонлари “Адолат посбонлари” жамоаси аъзоларининг меҳнати орқали экин экиш учун тайёрланди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилояти кенгаши матбуот хизмати.