Афғонистон билан чегарадаги вазиятда ОДКБ Тожикистонга ёрдам бермоқчи
ОДКБ (Жамоавий хавфсизлик шартномаси ташкилоти) Тожикистонга Афғонистон билан чегарадаги вазият билан боғлиқ масалада сўраладиган барча зарур ёрдамни тақдим этади, деди ташкилотнинг матбуот котиби Владимир Зайнетдинов РИА Новостига.
"Тожикистон, мурожаат қилган тақдирда, ОДКБ томонидан Жамоавий хавфсизлик шартномаси ва ОДКБ уставида назарда тутилган зарур ёрдам тақдим этилади – бу сиёсий, ҳарбий ва ҳарбий-техника бўлиши мумкин", деди у.
"Ҳозирча Тожикистон республика чегараси яқинидаги Афғонистон ҳудудида юзага келган вазият билан боғлиқ масалада ОДКБга мурожаат қилинмаган", деди Зайнетдинов.
Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара қўшинлари матбуот марказининг хабар беришича, аввалроқ Афғонистоннинг Балх вилояти Калдор туманидаги Укчук чегара пунктига толибонлар ҳужуми натижасида 17 та давлат хизматчилари Тожикистонга чекинишга мажбур бўлишган.
22 июнь куни Толибон радикал ҳаракати қуролли гуруҳи Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош Қундуз вилоятидаги Шерхон-Бандар чегара комиссарлигига ҳужум қилди. 134 нафар Афғонистон ҳукумат кучлари жангариларга қаршилик кўрсата олмай «Панж» назорат-ўтказиш постининг учинчи ва тўртинчи пунктлари хавфсизлик зонаси орқали қочишга, давлат чегарасини кесиб ўтиб, Тожикистонда бошпана топишга мажбур бўлди.
Гуманитар нуқтаи назардан тожикистонлик чегарачилар бир гуруҳ афғон аскарларини чегарадан ўтқазишди. Улардан бир киши ҳалок бўлган ва тўрт киши яраланган. Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотига кўра, Шерхон-Бандар чегара комиссарлигида толибонлар томонидан яраланган, ўлдирилган ёки асирга олинган афғон аскарларининг умумий сони 100 тага етади.