Афғонистонда юз берган портлашлар оқибатида 9 киши ҳалок бўлди

Афғонистоннинг Ғазни вилоятида юз берган қўшалоқ портлаш оқибатида тўққиз нафар тинч аҳоли ҳалок бўлди ва икки нафар полициячи жароҳатланди. Бу ҳақда 1 TV News телеканали маҳаллий полиция берган маълумотга таяниб хабар берди.

Вилоят полицияси вакили Аҳмад Хон Сиратнинг ОАВга айтган маълумотига қараганда, портлаш Ғазни шаҳрида юз берган. Дастлаб Котал-и-Равзай ҳудудида йўлга ўрнатилган минанинг ҳаракатга келиши сабабли юк автомобили портлаган, оқибатда тинч аҳоли ҳалок бўлган, вафот этганларнинг уч нафари аёл.

Кейинчалик воқеа жойига полиция етиб келиб портлаш тафсилотларини ўрганаётган вақтда иккинчи мина портлаган.