Афв этилганларнинг 9 нафари самарқандлик

Кимдир турмуш йўлларида учраган тўсиқни ирода ва қатъият билан енгиб ўтса, кимдир енгилроқ йўл ахтаради. Шунинг учун гоҳида “хом сут эмган банда-я...”, деб қўямиз. Яъни, ҳаётда ҳамма ҳам адашиши, қоқилиши мумкин. Адашганнни сен ёмонсан дея, юзига қора чаплаб жамиятдан айириб қўйиш билан иш битмайди.

Айнан шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Мазкур фармонга кўра, билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган жазо муддатини ўтаётган 58 нафар фуқаро Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан афв этилди. Улар орасида 9 нафар самарқандликлар ҳам бор.

- Уч нафар ургутлик, Самарқанд ва Каттақўрғон туманларидан икки нафардан, Самарқанд шаҳри ва Булунғур туманидан бир нафардан собиқ маҳкумлар давлатимиз раҳбарининг фармонига асосан жазони ижро этиш муассасаларидан оиласи бағрига қайтди, - дейди вилоят ИИБ пробация хизмати катта инспектори Нодир Каримов. – Уларга тегишли тартибда тиббий кўрикдан ўтиши, ишга жойлашиши учун йўлланмалар берилди.

Бундан ташқари, ижтимоий муҳитга мослашиши, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун маҳаллалардаги кайвонилар, тадбиркор ва бошқа шахслардан мураббийлар бириктирилди.

Афв этилган фуқароларга амалдаги тартиб асосида белгиланган миқдорда моддий ёрдам берилади.

Ё.ГАДОЕВ.