Агар акулалар одамларга айланса...

Ўтган асрнинг ўрталарида ёзувчи Бертольд Брехт кўп вақт давомида океанда "сайр" қилди ва акулалар ҳаётини ўрганди, махсус панжарадан ясалган қафасга кириб, бу сув жонзотини обдон кузатди. Ушбу кузатувлари асосида 1949 йилда кичик лавҳа ёзди. Уни биргаликда ўқиймиз.

- Агар акулалар одамларга айланса, улар майда балиқларга нисбатан меҳрибон бўлиб қоладими? – сўради жаноб Койнердан бекасининг кичкина қизи.

- Албатта, жавоб берди у, - агар акулалар одамга айланса, денгизда майда балиқлар учун ўсимликлар ва ҳайвонларнинг озиқ-овқатлари сероб бўлган улкан ҳовузлар қурардилар. Улар бу ҳовузларида чучук сув борлигига ишонч ҳосил қиларди ва умуман барча зарур санитария чораларини кўрарди. Масалан, бирор бир балиқ қанотини шикастласа, у дарҳол боғланади, акс ҳолда у бевақт нобуд бўлади ёки акула қўлидан сирғалиб чиқиб кетади. Балиқлар маъюс мулоҳазаларга берилмаслиги учун вақти-вақти билан улар учун катта сув байрамлари ўтказилиб турарди: чунки қувноқ балиқнинг таъми ғамгинникига қараганда яхшироқ бўлади.

Албатта, катта ҳовузларда мактаблар ҳам бўлади. Бу мактабларда акулалар майда балиқларга акуланинг оғзига қандай қилиб тўғри сузиб бориш кераклигини ўргатади. Масалан, география дангасалик билан роҳатланиб ётган катта акулалар жойларини топиб олиш учун керак. Асосийси, балиқларнинг ахлоқий тарбияси бўлади. Уларга майда балиқлар, айниқса, буюк келажак ҳақида қайғураётган акулаларга ишонишлари кераклиги ўргатилади. Агар майда балиқлар итоаткорликни ўргансаларгина келажак улар учун кафолатланган бўлиши уқтирилади. Айниқса, улар ҳар хил моддийлик, худбинлик каби тубан таъсирлардан эҳтиёт бўлишлари, мабодо улардан бири эркин фикрларни намоён қила бошласа, бошқалари дарҳол бу ҳақда акулаларга хабар беришлари керак бўлади.

Агар акулалар одамга айланса, улар албатта бошқа одамларнинг балиқ ҳовузларини ва уларнинг балиқларини қўлга киритиш учун бир-бирлари билан кураша бошлайдилар. Улар ўз балиқларини уруш олиб боришга мажбур қиладилар. Уларни ўз балиқлари ва бошқа акулалар балиқлари ўртасида катта фарқ борлигига ишонтирадилар.

Гарчи барча балиқлар гунг бўлса-да, улар турли тилларда сукут сақлаётганликларини ва шу сабабли бир-бирларини тушуна олмаслиги ҳақида шиор ташлайдилар. Уруш пайтида бошқа тилда жим турган бир неча душман балиқларини ўлдирган ҳар бир балиқ денгиз ўтлари ордени билан қадаб қўйилади ва қаҳрамон унвонини олади.

Агар акулалар одамларга айланса, улар албатта санъатга эга бўладилар. Унда акула тишлари ажойиб рангларга бўялган расмлар пайдо бўлади. Оғизларида эса каммас, кўпмас ўйин-кулги қилиш мумкин бўлган қизиқарли боғлар тасвирланган бўларди. Денгиз тубидаги театрлар жасур балиқлар акула оғзига қандай иштиёқ билан сузиб боришини кўрсатади: мусиқа шу қадар жаранглайдики, унинг садоси остида оркестр олдидан ўтиб бораётган ширин хаёлларга чўмган балиқлар тўлқинланиб, акулалар жағи томон ошиқади.

Албатта, акулалар одамга айланса, дин ҳам пайдо бўлади. У балиқнинг ҳақиқий ҳаёти акуланинг қорнида бошланишини ўргатади. Лекин балиқлар ўртасидаги мавжуд тенглик йўқолади. Улардан баъзилари мартабаларга эга бўлади ва  ўзларини бошқалардан юқори ҳис эта бошлайди. Бироз каттароқ бўлганлари ҳатто кичкиналарини истеъмол қилиш ҳуқуқини оладилар. Бу акулаларга ёқиб тушади, чунки уларнинг ўзларига каттароқ бўлаклар қолади.

Катта, мартабали балиқлар қолганлар орасида тартиб сақлай бошлайди. Ўлар ўқитувчи, ҳарбий, балиқ сақланадиган ҳовузлар муҳандиси ва шунга ўхшаш касбларни эгаллайди. Мухтасар қилиб айтганда, акулалар одамга айланганда денгизда ҳақиқий маданият пайдо бўлади.

Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.