“AGRO PRO EXPO-2025”: Осиё ва Европанинг 88 корхонаси ўз маҳсулотларини намойиш этади
![](https://static.zarnews.uz/crop/8/7/720__80_87e89985f6ac72b040734ee7f3af183d.jpg?img=self&v=1739876579)
Шу йилнинг 25-27 февраль кунлари Жомбой туманидаги “SOF EXPO Samarkand” халқаро кўргазмалар мажмуасида аграр соҳадаги маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқариш корхоналарининг 4-Халқаро қишлоқ хўжалиги кўргазмаси ўтказилади.
Кўргазма олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида тадбирнинг аҳамияти, унинг афзалликлари, иштирокчилар географияси борасида маълумот берилди.
- Аҳолимизнинг 74 фоизи қишлоқларда яшайди, қолаверса, қишлоқ хўжалиги иқтисодиётнинг асосий тармоғи бўлиб қолмоқда, - дейди вилоят ҳокимининг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси Нозир Ибрагимов. – Қишлоқ хўжалиги тармоғи кун сайин янгиланиб, замонавий технологиялар ва илмий ишланмалар билан бойиб бормоқда. Бу каби янгиликлардан хабардор бўлиш ва соҳага жорий этишнинг самарали усули кўргазмалар ҳисобланади. Шу боис кўргазмаларга йил сайин талаб ортиб бормоқда. Масалан, 2024 йилда ўтказилган кўргазмада 80 та корхона ўз маҳсулотлари билан қатнашди, 4500 мингдан ортиқ профессионал ва топ-менежер ташриф буюриб, 15 дан ортиқ тренинг ва семинар ўтказди.
Жорий йилда эса республикамиз тадбиркорлари билан бирга Қозоғистон, Россия, Хитой, Беларусь, Туркия, Эрон, Нидерландия, Германия, Венгрия давлатларининг 88 та корхонаси кўргазмада иштирок этиш истагини билдирди. Ушбу корхоналардан 60 таси аввал ҳам мазкур кўргазмада қатнашиб, манфаатдор бўлган ва қолган корхоналар янги ҳамкорлар топиш, шартномалар имзолаш ва соҳадаги янгиликлардан хабардор бўлиш истагини билдирган.
Ўктам Худойбердиев.