Агросаноат тизимидаги ислоҳотлар Жомбой туманида қандай кечмоқда?
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан “Агросаноат тизимидаги ислоҳотлар” мавзуида пресс-тур ўтказилди.
Самарқанд вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда марказий ҳамда маҳаллий матбуот ва оммавий ахборот воситалари журналистлари, интернет сайтлари блогерлари иштирок этди.
Дастлаб Жомбой тумани ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Акбар Икромов журналист ва блогерлар учун агросаноат тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан ахборот берди.
Таъкидландики, жорий йилда тумандаги мавжуд 19 минг 650 гектар суғориб ҳайдаладиган ер майдонининг 11 минг 235 гектарида бошоқли дон экинлари, 1 203 гектар ерда пахта, 3 минг 331 гектарда сабзавот, 170 гектармайдонда картошка ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари парваришланди.
2020 йил давомида 78 минг 870 тонна ғалла, 92 минг 283 тонна сабзавот, 26 минг 601 тонна картошка, 1 минг 230 тонна полиз маҳсулотлари етиштирилди. Шунингдек, мавжуд 3 минг 502 гектар ердаги боғдан 28 минг 944 тонна сифатли ҳосил йиғиштириб олинган бўлиб, 7 минг тоннадан ортиқ мева экспортга чиқарилди.
Шундан сўнг пресс-тур қатнашчилари “In vitro” лабораторияси“ фаолияти билан танишди. 2,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ эвазига ишга туширилган ушбу лабораторияга Туркия, Хитой, Эрондан келтирилган замонавий асбоб-ускуналар ўрнатилган бўлиб, 80 та иш ўрни яратилган.
Лаборатория учун 24,04 гектар ер ажратилган бўлиб, шундан 0,24 гектар ер майдонида лаборатория, 1 гектар майдонда замонавий иссиқхона фаолият юритмоқда. 22 гектар майдонида эса Ўзбекистон Республикасида учрамайдиган 65 хил мевали дарахтлар кўчатлари парвариш қилинмоқда.
Лабораторияда ёнғоқ, бодом, шафтоли, ўрик, беҳи, хурмо каби мевали дарахтларнинг турли касаллик ва зараркунандалардан холи бўлган ҳамда қурғоқчиликка чидамли, маҳаллий иқлим шароитига мос навларининг кўчатлари етиштирилади.
Лабораторияда 2021 йил баҳор мавсумида 500 минг туп, куз мавсумида эса 1,5 миллион туп турли мевали ва манзарали кўчатларни етиштириш кўзда тутилган. Жорий йил якунига қадар 500 минг дона ёнғоқ ва бодом кўчатларининг истиқболли мева пайвантаглари етиштирилади.
Лаборатория қошида агрокимё ва тупроқшунослик лабораторияси ишга туширилиб, уюшма аъзолари томонидан келтирилган тупроқ, сув ва барг намуналари тўлиқ таҳлил қилинмоқда. Мазкур лабораторияда тупроқнинг 15 хил кимёвий кўрсаткичлари таҳлил қилинади.
Пресс-тур қатнашчилари, шунингдек, тумандаги "PURE MILKY" чорвачилик комплексига қарашли чорвачилик мажмуи фаолияти билан танишдилар.
Айни кунларда бу ерда 2 минг бош наслли қора мол парваришланмоқда, 850 бош соғин сигирдан бир кунда 25-30 тонна сут соғиб олиниб, корхона томонидан қайта ишланмоқда.
Чорвачилик мажмуи ходимлари журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарди.
“Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизмати.