Аҳолига суюлтирилган газ етказишда хусусий сектор жалб қилиниши мумкин
Бугунги кунда истеъмолчиларга суюлтирилган газ етказиб бериш даврийлиги 40-45 кун. Аммо хонадонларнинг истеъмол қуввати ва эҳтиёжи турлича. Баъзан газ баллонларини етказиб бериш икки ойгача чўзилиб кетяпти. Табиийки, бу ҳолат айрим фуқароларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўляпти.
"Ҳудудгаз Самарқанд" газ таъминоти филиали директори ўринбосари Аъзам Боболиев ва филиал масъуллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида журналистлар ушбу ҳолат бўйича мутасаддилардан изоҳ сўради.
Таъкидланишича, энди оила аъзолари кўп бўлган ва рўйхатдан ўтган уй хўжаликлари белгиланган муддатда ID-картаси орқали икки маротаба газ баллони олишлари мумкин бўлади. Ушбу муаммоларнинг ечими сифатида жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида яна қўшимча мингта газ баллонлари етказиб берилиши белгиланган. Қолаверса, газ баллонларга газ тўлдириш қувватини ошириш мақсадида соҳага хусусий тадбиркорларни жалб қилиш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, бугунгача вилоятда истеъмол учун маиший газ баллонларига махсус штрих кодли стикерлар ўрнатилиб, қарийб барча истеъмолчиларга ID-карталар тарқатилган. Бугунги кунда вилоят бўйича битта газ тақсимлаш станцияси ва 7 та газ қуйиш шохобчаларидан ҳудуддаги 500 мингга яқин хонадонга автомашиналарда газ баллонлари етказиб берилмоқда.