"Ҳудудгаз Самарқанд" газ таъминоти филиали мутасаддиларига: Ҳозир саволлардан қочадиган эмас, аҳолига вазиятни рўй-рост тушунтирадиган вақт
Ҳозирги совуқ ва энерготақчиллик вақтида энг кўп қайси ташкилотлар аҳоли билан мулоқотда бўлиши керак? Биз ҳеч иккиланмай коммунал соҳа ташкилотларини айтган бўлар эдик.
Аммо аномал совуқ бошланиб, кўп жойларда газ ва электр таъминотидаги муаммолар юз бера бошлагач, биз бу соҳадаги иккита асосий ташкилотда икки хил муносабатга дуч келдик.
Электр тармоқлари тизимида кунлик авариялар, узилишлар ва муаммолар тан олингани ҳолда маълумотлар бериб борилди. Ҳатто ижтимоий тармоқлардаги ҳар бир мурожаат ва постга ҳам муносабатлар билдирилди.
Газ таъминоти соҳасида эса... Худди ҳеч нарса бўлмаётгандек. Муносабатлар, шикоятлар, саволлар, муаммоларнинг бу соҳага алоқаси йўқдек таассурот қолмоқда.
Икки кун олдин ҳозирги мавжуд ҳолат ҳақида вилоят электр тармоқларидан яна бир бор маълумот сўрадик, билдикки сўнгги ўн кунда 300 дан ортиқ трансформаторлар босимга дош бермай ишдан чиққан, иккитаси ёниб кетган. Деярли ҳаммаси тузатилган ва яроқсиз бўлиб қолганлари алмаштирилмоқда. Мурожаатлар сони мингдан ошиб кетган, вилоят ҳокимлиги кўмаги билан тезда қўшимча авария гуруҳлари ва махсус техникалар ташкиллаштирилган. Соҳа вакиллари тармоқларда ҳатто одамларнинг иддао ва аччиғига ҳам жайдари қилиб айтганда “туриб беряпти”. Саволларга жавоб бермоқда.
Худди шу ҳолат бўйича "Ҳудудгаз Самарқанд" газ таъминоти филиалига ҳам боғландик. Аҳолида кўплаб саволлар пайдо бўлаётганини тушунтирдик. Вазият қандай? Нима ишлар қилиняпти? Аҳолининг мурожаатларига қанчалик эътибор қаратиляпти? Бу саволларга жавоб сўрадик. Афсуски, яна шу ҳолат: Ҳеч қандай жавоб йўқ! Ҳолбуки, ҳозирги кунларда аҳоли олдида энг ҳисобдор ташкилотлардан бири айнан “Ҳудудгаз Самарқанд”. Ҳозир соҳа мутасаддилари ОАВдан, ўқувчилардан, демакки, халқдан яширинадиган вақт эмас, аксинча, юзма-юз туриб, ҳолатни тушунтирадиган, саволларга жавоб берадиган вазият.