Битта хонадонга иккита газбаллонни қандай олиш мумкин? "Ҳудудгазтаминот" AЖ аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш тартибини янгилади
"Ҳудудгазтаминот" AЖга кўра, мазкур қарор қарийб тўрт мингта истеъмолчи мурожаатини ўрганиш натижалари асосида қабул қилинган бўлиб, уларнинг 40 фоизи иккинчи газ баллон олиш масаласи билан боғлиқ.
“Газ таъминоти ҳамда тегишли вазирлик идоралари масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан ўрганиш ўтказилганда, истеъмолчилар орасида аҳоли учун имтиёзли нархда ажратилган суюлтирилган газни олиб қайта сотиш, маиший газ баллонларидан хавфсизлик қоидаларига риоя қилмасдан фойдаланиш ҳолатлари аниқланган. Aна шу сабабларга кўра, сўнгги вақтда инсон ҳаёти ва соғлиғига хавф солувчи 20 дан ортиқ турли хил бахтсиз ҳодисалар рўй бериши кузатилган.
Шу муносабат билан "Ҳудудгазтаъминот" AЖ аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш тартибини янгилади. Энди қўшимча газ баллони олиш билан боғлиқ ҳар бир мурожаат жойига чиққан ҳолда мутахассислар томонидан ўрганиб чиқилади.
Янги тартибга кўра оила аъзолари кўп бўлган ва рўйхатдан ўтган уй хўжаликлари энди белгиланган муддатда ўз ID-карта орқали икки маротаба газ олишлари мумкин бўлади.
Бундан ташқари, янги истеъмолчиларни рўйхатдан ўтказиш тартиби ҳам янгиланди. Бунда хонадонда техника ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш, ошхона ва газ жиҳозлари белгиланган талаб ва стандартларга мос келишига алоҳида эътибор қаратилди.
Газ баллонни ишга тушириш ва созлаш хизмати учун тўлов амалга оширилгандан сўнг, ўрнатилган тартибда шартнома тузилади ҳамда тасдиқланган жадвал асосида манзилга суюлтирилган газ етказиб берилади”, дейилади "Ҳудудгазтаминот" AЖ хабарида.
Маълум қилинишича, суюлтирилган газ олиш тўлов «Paynet», «Payme», «Milliy», «Click», «Apelsin», «Beepul» мобиль иловалари орқали нақд пулсиз амалга оширилади.
Шунингдек, хабарда "Ҳудудгазтаминот" AЖ истеъмолчиларга суюлтирилган газ баллонларни алмаштириш баланси мавжуд бўлган ID-карталар орқали амалга оширилишини эслатиб ўтган.
Мурожаат ва таклифлар учун бевосита 1104 қисқа рақамига ёки “Фаcебоок” ижтимоий тармоғидаги “Газ таъминоти муаммолари ва уларни ҳал етиш йўллари” гуруҳига мурожаат қилиш лозимлиги айтилган.