Электр, газ, кўмир таъминоти: Ҳаво бугун-эрта илиқ, аммо ҳали совуқ кунлар олдинда

Кунлар исиб, совуқнинг забти анча пасайди. Бироқ, бу ҳолат ҳали ҳам аҳолининг электр энергияси ва табиий газдан бўлган чекловларига ўз таъсирини ўтказгани йўқ. Аниқроғи, чекловлар давом этмоқда. Жойларда коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари авария оқибатларини бартараф этмоқда.

Бир неча кун илгари Тойлоқ туманидаги “Боғизоғон” подстанциясидаги ёниб, шикастланган 16 000 киловольтлик (кВ) ўрнига 20 000 кВ трансформатор келтирилиб, ўрнатиш ишлари олиб борилаётганлиги хусусида хабар бергандик. Ҳозирда Тойлоқ ва Ургут туманларидаги 20 та маҳаллада электр энергияси етказиб бериш тикланди.

- Бугунги кунда Ургут туманидаги Бойбул маҳалласида электр таъминотини яхшилаш мақсадида зарур ишлар олиб бориляпти, - дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Самарқанд ҳудудий филиали  директори ўринбосари Элдор Мамасолиев. - Трансформатор пунктига қўшимча 160 кВ трансформатор пункти ҳамда ҳаво электр узатиш тармоғига 94 дона темир бетон таянчлари ўрнатиш ишлари бажарилди. Шунингдек, ҳаво электр узатиш тармоғининг 3,5 километрга кабеллар тортилди. Ҳозирда мазкур ҳудудда якуний монтаж ишлари олиб борилмоқда. Белгиланган ишлар якунлангач, юзга яқин аҳоли хонадонларида электр энергияси сифати яхшиланади.

Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги “Шоҳи Зинда” подстанциясидан чиқувчи 6 кВ кабел тармоғида кузатилган носозлик бартараф этилди.

Иштихон тумани электр таъминоти корхонаси томонидан Чақар, Боғихон, Бўронхўжа, Чағатой, Дўстлик, Тойтуёқ ва Чимқўрғон маҳаллаларида 314 та янги таянч устунлари ва турли қувватдаги 7 дона трансформатор пунктлари ўрнатилди. Айни вақтда “Ишонч” подстанциясидаги кузатилган носозлик соҳа мутахассислари томонидан бартараф этилмоқда.

Жомбой туманида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келаётган айрим тадбиркорлар борлиги аниқланди. Улар туман электр таъминоти корхонаси томонидан тармоқдан узилди.

Вилоятдаги 8 та кўмир омбори ва 4 та мавсумий шохобча орқали бир кунда аҳолига 322 тонна, мавсум бошидан буён эса 79 минг 218 тонна кўмир маҳсулотларини етказиб берилди.

- Ургут, Қўшработ, Пахтачи, Пайариқ каби олис туманларга 20 минг тонна, шароити оғир маҳаллалардаги оилаларга қарийб 22 минг тонна кўмир етказиб берилди, - дейди “Кўмир таъминот” МЧЖ вилоят филиали бош мутахассиси Шерзод Давронов. - Бугунги кунда ҳудудий кўмир омборларимизда 184 тонна кўмир захираси бор. Кўмир аҳолига тақсимотга асосан маҳаллабай тарзда тарқатилмоқда.

Бундан ташқари, тадбиркорларимиз томонидан 5 минг тоннадан зиёд импорт кўмир ҳам етказиб берилди. Сўнгги кунларда кўмир масаласида келиб тушган 41 та мурожаатнинг барчаси тўлиқ қаноатлантирилди. Шу кунларда “Ўзбеккўмир” АЖ томонидан темирйўл орқали 3 минг 454 тонна кўмир маҳсулотлари етказиб келинади.

“Ҳудудгаз Самарқанд” АЖ вилоят филиали томонидан истеъмолчиларга кунига режага нисбатан 42 тонна кўп суюлтирилган газ етказиб берилмоқда. Жумладан, 15 декабрь куни 296,1 тонна, олис ҳудудлардаги маҳаллаларга 12,7 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди. Жумладан, Нарпай туманидаги табиий газга мослаштирилган Аҳиллик маҳалласидаги хонадонларга 220 дона маиший газ баллонлари тарқатилди. Паст Дарғом туманидаги 15 та маҳалланинг 20 тадан хонадонига 20 донадан, Иштихон туманидаги Орлот, Тойтуёқ ва Мирзақул маҳаллаларидаги аҳоли хонадонларига ҳам газ баллон ажратилди.

Дилмурод Тўхтаев.