Вилоятда 18 та кичик ва микро ГЭС барпо этилиши режалаштирилган
Шундан 7 таси "Ўзбекгидроэнерго" АЖ буюртмачилигида, 11 таси тадбиркорлар томонидан қурилади.
Йил якунигача тўққиз туманда тадбиркорлар томонидан 75 МВТли 9 та кичик фото электр станциялар қурилиши кутилмоқда. Хусусан, Тойлоқ туманида уларнинг сони 2 та ва ҳар бири 10 МВТ қувватга эга бўлади. Шундай қувватга (10 МВТ) эга фото электр станциялар Самарқанд шаҳри, Тойлоқ, Пайариқ, Пахтачи ва Ургут туманларида ҳам қурилади.
Жомбой, Нуробод ва Паст Дарғом туманларида қуриладиган фото электр станциялар 5 МВТ қувватга эга бўлади.
Нуробод туманида “АKWА PОWЕR” корхонаси томонидан режалаштирилаётган 1000 МВТ қувватга эга фотоэлектр станция қурилиши декабрь ойидан бошланади.
Нарпай туманида эса 2025 йилгача қуввати 200 МВТ бўлган газ поршенли электр станцияси барпо этилади.
Шунингдек, Булунғур, Жомбой ва Пайариқ туманларида жами қуввати 500 МВТ бўлган шамол электр станцияси қурилиши режалаштирилган. Бунинг учун ер майдони танлаб олиниб, 7 та метеорологик мачталар ўрнатилган. Мачталар орқали ҳудуддаги шамол кучи, йўналиши ва бошқа маълумотлар йиғилиб, лойиҳалаштириш ишлари олиб борилмоқда. Қурилиш ишлари декабрь ойида бошланиши маълум қилинган.
Бундан ташқари, салкам 17 минг хонадонга жами қуввати 12 МВТ бўлган қайта тикланувчи энергия қурилмалари қўйилиши режалаштирилган.
Вилоятдаги 260 та ижтимоий соҳа объектига 1,30 МВТ электр энергияси ишлаб чиқарувчи қуёш панеллари ўрнатилади.