Ургутда электр энергиясини ноқонуний "ишлатган" қурувчилар аниқланди

ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси, вилоят прокуратураси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Ургут тумани бўлими “Ўзэнергоинспекция” вилоят ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда туманда электр энергиясидан самарали ва оқилона фойдаланишни таъминлаш бўйича ўтказган тезкор тадбирлари давомида бир қатор қонунбузилиш ҳолатларини аниқлади.
Жумладан, 20 февраль куни ўтказилган тадбирда туманнинг Камонгарон маҳалласи ҳудудида “BRIHGT FUTURE HOUSE” масъулияти чекланган жамияти томонидан қурилган 7 та кўп қаватли уйда жами қуввати 104,0 kWh бўлган лифтлар, сув кўтариш насослари ва кўча ёриткичлари учун электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келинаётгани аниқланган.
Маълум бўлишича, тадбиркор тегишли қурилмалар учун электр ҳисоблагич ўрнатган, бироқ ҳудудий электр таъминоти корхонаси билан электр таъминоти бўйича шартнома расмийлаштирилмаганлиги учун ускуна “Биллинг” дастурида рўйхатга олинмаган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бунинг оқибатида давлатга 750 миллион сўм миқдорида зарар етказилган.
Ўрганишлар давомида мазкур маҳалла ҳудудида жойлашган “Яраш файз” масъулияти чекланган жамияти томонидан қурилган 1 та кўп қаватли уй, “Universal suppli servis 2022” масъулияти чекланган жамияти томонидан қурилган 2 та кўп қаватли уйда ҳам электр энергиясидан фойдаланишда айни “усул” қўлланилган. Бу ҳаракат билан “Яраш файз” масъулияти чекланган жамияти давлатга 125 миллион сўм, “Universal suppli servis 2022" масъулияти чекланган жамияти эса 145 миллион сўм зарар келтирган.
Мазкур ҳолатлар бўйича тегишли тартибда далолатномалар расмийлаштирилган.