Аҳолиси экстремал шароитларда кун кечирадиган шаҳарлар
Инсон ўзи яшаши учун ҳар доим қулай ва хавфсиз жойларни топишга интилади. Бироқ, бу қатъий кўринадиган қоиданинг ҳам истиснолари учраб туради. Ер юзида аҳоли ҳаётининг ҳар сонияси хавф остида бўлиб турадиган жойлар борки, бу одамларнинг у ерларда яшашига умуман тўсқинлик қилмайди, улар ҳатто бошқа жойга кўчиб ўтишни хаёлига ҳам келтирмайди. Эътиборингизга сайёрамиздаги яшовчиларнинг кундалик ҳаёти экстремал саргузаштлардан иборат аҳоли пунктларини ҳавола этамиз.
Ява ороли (Индонезия)
Индонезияда 128 вулқон бор, улардан энг фаоли - баландлиги 2910 метрга етадиган, “Оловли тоғ” деб таржима қилинадиган Мерапи Ява оролида жойлашган. Йилига икки марта кичик, ҳар етти йилда эса катта отилишлар содир бўлиб, Мерапи ўзи ҳақида эслатиб туради. 2010 йилда содир бўлган шундай йирик отилиш оқибатида 353 киши қурбон бўлган эди. Ҳайратланарлиси, доимий вулқон отилишлари хавфига қарамасдан, ярим миллионга яқин индонезияликлар ушбу вулқон этагида яшашда давом этмоқда.
Черапунжи (Ҳиндистон)
Денгиз сатҳидан 1313 метр баландликда жойлашган Черапунжин ер юзидаги энг ёмғирли ва захкаш жойлардан бири саналади. Бу бежиз эмас. Novate.ru маълумотларига кўра, бу ердаги ўртача йиллик ёғингарчилик 12 минг миллимметрни ташкил қилади. Жуда кўп ёққан ёмғир маҳаллий тупроқларнинг паст унумдорлиги билан ажралиб туриши сабабчисидир. Қизиғи, на ёмон ер, на деярли тўхтовсиз ёғин-сочинлар бу ердаги 10 мингдан зиёд аҳолини Черапунжида яшашни давом эттиришга тўсқинлик қилмайди, улар ҳатто кўчиб кетишни хаёлига ҳам келтирмайди.
Сан-Педро-де-Атакама (Чили)
Сайёрада ўта қуруқ жойлар ҳам бор, улардан бири Атакама чўлидир. Тадқиқотлар у ердаги ўртача йиллик ёғингарчилик 10 миллимметрдан ошмаслигини кўрсатди. Шу сабабли чўлда ўсимликларнинг жуда кам учраши, баъзи жойларида эса уларнинг умуман йўқлиги ажабланарли эмас. Ушбу ҳолатнинг ҳайратланарли томони шундаки, бундай оғир шароитларга қарамай, том маънода чўлнинг ўртасида жойлашган Сан Педро-де-Атакама шаҳрида 10 мингга яқин одам хотиржамгина яшаб келади.
Иллоккортоормиут (Гренландия)
Гренландиянинг энг чекка шаҳарларидан бири ғаройиб Иллоккортоормиут сайёрадаги энг шимолий шаҳар мақомига эга. У ерга аввал самолётда, кейин вертолёт ёки қайиқда саёҳат қилгандан кейингина етиб бориш мумкин. Узоқ йиллар давомида бу ҳудуднинг асосий аҳолиси фақат оқ айиқлар, ҳўкизқўй ва тюленлар бўлган. Фақат 1925 йилга келиб ушбу Гренландия ерларида биринчи кўчманчилар пайдо бўлди. Маҳаллий овчилар авлодлари давомида айиқ ва китларни овлаш орқали кун кўрган, бу ҳозирда ҳам минтақадаги муҳим маданий ва иқтисодий омил бўлиб хизмат қилмоқда. Бугунги кунда шаҳар аҳолиси 500 га яқин кишини ташкил этади.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.