АИ-91 бензинининг биржадаги нархи қимматлашди

2019 йил 25–29 ноябрь кунлари Ўзбекистон товар-хом ашё биржасида ўтказилган биржа савдо натижаларига кўра, биржа бозорининг турли товар сегментларида нархлар динамикаси устувор равишда пасайди. Бу ҳақда биржа ахборот хизмати хабар берди.

Кўриб чиқилаётган давр мобайнида 4944,7 тонна АИ-91 русумли бензин биржа савдоларига қўйилди ва шундан 3486,4 тоннаси сотилди. Савдонинг сўнгги ҳафтасида АИ-91 русумли бензини бўйича шаклланган биржа котировкаси аввалги ҳафтага нисбатан бироз кўтарилиб, бир тоннаси учун 6233,4 минг сўмни ташкил этди.

Ўтган ҳафтада суюлтирилган газ ишлаб чиқарувчилари биржа савдолари орқали 12,8 миллиард сўмлик 4700,0 тонна суюлтирилган газ сотди. Газнинг биржада шаклланган нархи олдинги ҳафтага нисбатан 0,9 фоизга пасайиб, бир тонна учун 2729,8 минг сўмни ташкил этди.

Қора металл бозорида нархлар пасайиб бораётгани кузатилмоқда. СТ 12-35 ГС арматуранинг нархи 2,6 фоизга пасайиб, бир тоннаси учун 5482,3 минг сўмни ташкил этди. Биржа орқали сотилган барча турдаги қора металлнинг ҳажми 4,9 минг тоннани ташкил қилган.

Цемент бозори ҳам кичик пасайишни кўрсатмоқда. ПС М-400 Д-20 цемент бўйича нархлар аввалги ҳафтага нисбатан 4 фоизга пасайиб, 510,5 минг сўмни ташкил қилди. Фаол сотилаётган бошқа маркали цементларнинг нархлар диапазони 460,0—750,0 минг сўмни ташкил этмоқда.

Биржада пахта толаси нархлари пасайиши кузатилди. Ўтган ҳафта 1 нав 4 тип (олий 2019)даги пахта толаси бўйича нархлар 1,9 фоизга пасайиб, бир тонна учун 14,5 миллион сўмни ташкил этди. Пахта толаси бошқа навларининг нархлари ўртача 10,9 миллион сўмдан 13,6 миллион сўмгача бўлди.

Плёнка ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган И-0760 полиэтиленнинг нархи 2,7 фоизга пасайиб, 11,2 миллион сўмни ташкил этди. Ўтган ҳафтада жами 1,8 минг тонна полиэтилен сотилган.

Ўтган ҳафтада карбамид бозорида ҳам нархлар бироз кўтарилиши кузатилди. Карбамид «В» нинг баҳоси ўтган ҳафтада 0,3 фоизга кўпайиб, бир тоннаси учун 1820,2 минг сўмни ташкил этди. Умуман олганда, ҳафта давомида биржа савдолари орқали 24,7 минг тонна минерал ўғитлар сотилди.