Самарқандда молиявий фирибгарлик операциялари орқали ун харид қилиб, аҳолига қиммат сотаётган яна бир гуруҳнинг жинояти фош этилди
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан ҳудудда унни аҳолига кафолатли тарзда ва арзон нархда етказиб беришда таъсир кўрсатаётган шахслар тўғрисида олинган маълумотларга асосан ўтказилган текширувда “L-CH” МЧЖга қарашли савдо майдончаси трейдери Ш.П. ва бошқалар “L-CH” МЧЖнинг муҳридан алдов йўли билан фойдаланиб, қалбаки ҳужжатларни тайёрлаш орқали биржа битимларини тузиш учун махсус логин ва паролларни қўлга киритиб, сўнгра 6 нафар шахсларни мазкур жамиятнинг трейдерлари сифатида расмийлаштириб, ун савдоси билан шуғулланиб келганликлари аниқланган.
Хусусан, Ш.П. ва бошқалар қалбаки ҳужжатлар асосида брокерлик фаолиятини амалга ошириб, бошқа шахсларга тегишли бўлган логин ва пароллардан ноқонуний фойдаланиб, республикамизда эълон қилинган карантин даврида аҳоли эҳтиёжи учун зарур бўлган унни сотишда монопол муҳитни вужудга келтириб, 7 та хўжалик юритувчи субъектларга қиймати 3,2 миллиард сўмлик 1 236 тонна унни олишга эришган ва аҳолига унни сунъий қиммат нархларда сотиб келган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Ш.П. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.