Биржада пахта ёғи ва бензин нархи тушди
Ўтган ҳафта давомида, яъни 24–30 май кунлари «Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси» АЖнинг барча савдо платформаларида 1 895,4 млрд. сўмлик товарлар сотилган бўлиб, бу аввалги ҳафтага нисбатан 3,1 фоизга кўпдир. Бунда сотувларнинг 87,7 фоизи - биржа савдолари; 1,5 фоизи - кўргазма-ярмарка савдолари; 10,5 фоизи - электрон давлат харидлари ва 0,3 фоизи - авторақамларнинг онлайн-аукционига тўғри келди.
Пахта ёғи
Ўтган ҳафтада биржа савдоларида 1 629,0 тонна пахта ёғи сотилди. Ўтказилган савдоларда ҳар куни ўртача 163 та харидор иштирок этди.
Кўриб чиқилаётган даврда барча навли пахта ёғининг кунлик ўртача нархлари пасайиш ҳолатларини намоён этди. Хусусан, ўтган душанба-пайшанба кунлари ўртача нархлар маҳсулотнинг бир тоннаси учун 16 140,1 минг сўмдан 15 586,0 минг сўмгача, яъни 3,4 фоизга пасайди. Бироқ ҳафтанинг сўнгги савдо кунида котировка бироз кўтарилиб 16 653,9 минг сўмни ташкил қилди.
Ҳафта якунларига кўра 1-навли пахта ёғининг ҳафталик котировкаси маҳсулотни бир тоннаси учун 17 718,6 минг сўмни ташкил этди.
Бензин
Ўтган ҳафтада биржа савдоларига 23 737,0 тонна АИ-80 маркали автомобиль бензини қўйилди ва улардан 16 729,1 тоннаси, яъни 70,5 фоизи сотилди. Ўтказилган савдоларда ҳар куни ўртача 45 харидор иштирок этди.
Кўриб чиқилаётган даврда АИ-80 маркали автомобиль бензиннинг ўртача кунлик нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 6 673,4 минг сўмдан 6 644,1 минг сўмгача пасайди.
Кўриб чиқилаётган даврда АИ-80 русумли автомобиль бензиннинг ўртача ҳафталик котировкаси 6 663,5 минг сўмни, АИ-91 – 7 702,8 минг сўмни ташкил этди.
Эслатиб ўтамиз, турли манбаларда келтирилишича, автомобиль бензинининг бир тоннаси ўртача 1293-1370 литрни ташкил қилади.