Юқори ликвидли ва монопол маҳсулотлар биржа савдоларига қўйилади

Президентимизнинг 2019 йил 8 октябрдаги «Товар-хом ашё биржалари фаолияти самарадорлигини ошириш ва биржа савдоси механизмларини янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўроқов томонидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Унга кўра, биржа савдоларида монополист корхоналар ва давлат улуши мавжуд ташкилотлар томонидан ички бозорда тўғридан-тўғри шартномалар орқали реализация қилинадиган юқори ликвидли, монопол маҳсулот сотувчилар мажбурий тартибда товар хом ашё биржаларида ҳисобга қўйилади. Бу маълумотлар тегишли шартнома тузилиб, мажбуриятлар бажарилгач, 3 кунда биржанинг расмий саҳифасида жойлаштирилади.

Товар хом ашё биржаларида томонларнинг келишувига кўра, биржа савдолари қоидалари асосида чет эл валютасида импорт битимлари тузиш мумкин. Юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларни биржа савдоларига қўйиш жадваллари монополист корхоналар ва давлат улуши бор бўлган ташкилотлар томонидан товар хом ашё биржаларининг расмий веб-сайтларига, зарур ҳолда ҳар ойда янгиланган тарзда жойлаштирилади. Юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларни биржа савдоларига қўйиб борилиши назорат қилинади.

Ў.ХУДОЙБЕРДИЕВ.