Академик Эркин Эргашевнинг ветеринария соҳасида яратган мактаби бугун ҳам изланувчи олимларга кўмакчи бўляпти

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, ветеринария фанлари доктори, профессор Эркин Эргашев таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан “Ветеринария паразитологиясининг долзарб муаммолари ва истиқболдаги вазифалар” мавзусидаги халқаро илмий амалий конференция иш бошлади.
Ўз даврида Ўзбекистоннинг энг ёш фан номзоди, энг ёш профессори (32 ёшда), энг ёш Фанлар академиясининг мухбир аъзоси, Халқаро гельминтологлар жамиятининг энг ёш (40 ёшда) аъзоси, шунингдек, академик Скрябин номли олтин медаль, “Давлат ихтирочиси” каби шарафли унвонлар билан тақдирланган таниқли паразитолог олим Эркин Ҳамидович Эргашев ҳаёт бўлганида бу йил 90 ёшни қаршиларди. Ҳалқаро илмий амалий анжуманда академикнинг шогирдлари, издошлари - Россия Федерацияси, Беларусь, Қозоғистон Республикаларидан ҳамкор олий таълим муассасалари, илмий тадқиқотлар институтлари вакиллари ва академикнинг оила аъзолари иштирок этишди.
Университет ректори, профессор Худайназар Юнусов халқаро анжуман иштирокчиларини қутлар экан, академикнинг ҳаёти, фаолияти собиқ Самарқанд қишлоқ хўжалик институти ва бугунги Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети билан чамбарчас боғлиқлиги, талаба, аспирант, ўқитувчи, профессор сифатида ва устоз ҳаётининг охиригача - ёш мутахассис кадрлар тайёрлаш, ёш олимларни тарбиялаш ва шунингдек соҳага оид илмий мактаб яратишда ва уни ривожлантиришда хизматлари беқиёс эканини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, Академик Эргашев фаолияти давомида 750 дан ортиқ китоблар, монографиялар, дарсликлар, илмий мақолалар ҳамда 200 дан ортиқ муаллифлик гувоҳномалари, патентлар, тавсияномалар муаллифи бўлгани ва 1983 йилда фандаги улуғ хизматлари юксак баҳоланиб, унга "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби" шарафли унвонига сазовор бўлгани ҳақида эътироф этди.
Витебск давлат Ветеринария медицинаси академияси (Беларусь Республикаси) профессори, Россия Фанлар академияси академиги Антон Ятусевичнинг фикрларига кўра, Эркин Ҳамидовичнинг илмий ишлари дунёнинг йирик олимлари томонидан юқори баҳоланган.
Дарҳақиқат, Европанинг бир неча ривожланган мамлакатларидаги нуфузли илмий журналлар ёш ўзбек олимининг илмий хулосаларини бирин-кетин чоп эта бошлашган. Шу тариқа Халқаро паразитология жамиятлари илм осмонида пайдо бўлган ёрқин юлдузни яққол тан олганлар. Анжуманнинг тантанали очилиш маросимида ЗООМ дастури орқали Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари, профессор Ш.Жабборов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, биология фанлари доктори, профессор Жалолиддин Азимов, Витебск давлат Ветеринария медицинаси академияси (Беларусь Республикаси) ректори Н.Гавриченко ва бошқа олимлар иштирок этди. Маърузачиларнинг таъкидлашича, олимнинг илмий салоҳияти жуда юқори бўлган. Академикнинг Америка, Европа ва Осиё мамлакатларидаги нуфузли илмий даргоҳларда қилинган маъруза ва чиқишлари паразитология соҳасининг энг мурракаб жиҳатларига бағишлангани билан ҳам диққатга сазовордир. Маросим давомида иштирокчилар университетда амалга оширилаётган “Мега лойиҳа” - “Ўзбекистонда ветеринария, биотехнология ва чорвачилик соҳасини ривожлантириш учун илмий кадрларни интенсив тайёрлаш илмий бизнес инкубатори” фаолияти билан яқиндан танишдилар.