Академик Самарқандда педагог ва талабаларга маҳорат дарси ўтди

Президент Шавкат Мирзиёев 2023 йил 23 декабрда "Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоларини тасдиқлаш тўғрисида" Фармон қабул қилди.

Ушбу фармонга асосан 16 нафар олим Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб тасдиқланди. Улар орасида пайариқлик олим, бугунги кунда Қори Ниёзий номидаги Ўзбекистон педагогика фанлари илмий-тадқиқот институти директори, педагогика фанлари доктори, профессор Холбой Ибраимов ҳам бор.
Академик Х.Ибраимов бугун Самарқанд шаҳридаги Ўзбекистон-Финландия педагогика институтида профессор-ўқитувчилари ва талабалар билан учрашди.
- Академик деган шарафли унвонга сазовор бўлганимдан кейин илк учрашувни айнан ўзим туғилиб ўсган, таълим олган Самарқанддан бошлашни ният қилдим, - дейди Х.Ибраимов. – Бугун биз турган мазкур институт бинолари, ҳовлиси мен учун қадрдон. Бу ерда ёшлик, талабалик даврим ўтган. Эришган улкан ютуқларим ушбу таълим даргоҳида устозларимнинг берган сабоғи туфайлидир. Педагог – ёш авлодга таълим-тарбия берувчи, уларни эзгуликлар сари етакловчи шахс. Бунинг учун, аввало, у тарбияли, билимли бўлиши керак.
Академик билан учрашув вилоят педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий марказида ҳам ташкил этилди. Учрашувлар давомида педагог ва талабалар учун маҳорат дарслари ҳам ташкил этилди.