Акобир Шомансуров нега отиб кетилган?

Ўтган асрнинг 15-20 йиллари нафақат тарихимиз, балки журналистика, адабиёт, маърифат учун ҳам мураккаб давр ҳисобланади. Самарқанд шаҳрида  туғилиб, Бухоро ва Самарқандда ишлаган, ижод қилган Акобир Шомансуров ана шу қийин ва мураккаб даврда яшаб, журналист, муҳаррир, ношир сифатида ном қозонган.

1913 йил апрель ойида Маҳмудхўжа Беҳбудий “Самарқанд” газетасини чиқара бошлаганида Акобир Шомансуров муаллимлик қилиш билан машғул бўлган. “Самарқанд”нинг 45-сони чоп этилгач, газета моддий қийинчиликлар ортидан тўхтатилади. Бундан куюнган Акобир Шомансуров ва Қўқон жадидларидан Мирзоҳид Мироқилов одамлар орасида юриб, газета ўқувчиларни топади ва 200 нафар муштарий ҳамда улардан 500 сўм тўплайди. Бу ҳақда  муҳаррирга айтиб, газетани чиқаришни давом эттиришни сўрайди. Аммо бу маблағ, оз сонли муштарий билан газетани қайта тиклаб бўлмайди.

Шу ҳолатдан кейин Акобир Шомансуров муаллимлик билан бирга газета чиқариш, давр муаммоларини акс эттирувчи мақолалар ёзишга киришади. Беҳбудий ва уларнинг сафига қўшилган жадидлар кўмагида газета яна чиқа бошлайди. Газетага асосан Акобир Шомансуров, Саид Ризо Ализода, Ҳожи Муин, Рожий, Сиддиқий, Нурмуҳаммадбек ўғли, Нусратулла мулла, Мулла Иброҳим Саид Камол ўғли ва бошқалар ёзиб турадилар.

1916 йилнинг кузига бориб, газета яна моддий қийинчилик туфайли чоп этилмай қолади. Бухорода ўқитувчилик қилиб юрган Абдурауф Фитрат 1917 йилнинг бошида Самарқандга келади. Маҳмудхўжа Беҳбудий билан учрашиб, газетани чоп эттириш зарурлиги ҳақида гаплашади. Беҳбудийнинг кўмаги, Мардонқули Ўринбой ўғли, Акобир Шоҳмансуров, Мардонқул Шоҳмуҳаммад ўғлининг моддий қўллаб-қувватлаши ҳамда “Зарафшон” ширкати ҳомийлигида “Ҳуррият” газетасини таъсис этади.

Фитрат бир муддат «Ҳуррият»га муҳаррирлик қилади, аммо ўқитувчилик ва ёзувчилик ишлари кўпайганини айтиб, газета чиқаришга масъулликни Акобир Шомансуров зиммасига юклайди. Шундай қилиб, А.Шомансуров 1917 йил 16 апрелидан “Ҳуррият” газетаси муҳаррири бўлади.

Газета тезда ўз замонасининг муаммоларини кўтариб чиқувчи, одамларни илм олишга чорловчи воситага айланади. Бироқ газетада ишлаб, кун ўтказишнинг имкони йўқ эди. Шу боис Акобир Шомансуров ўқитувчилик ҳам қилади ва яна муҳаррирликни Фитратга беради.

“Миллий иттиҳод” ташкилотининг фаол вакили сифатида фаолият юритган Акобир Шомансуров 1920 йилларда ёшларни нафақат Туркистонда, балки хорижда ҳам ўқитиш зарурлигини англайди. Ташкилотнинг мақсади ҳам шунга монанд - Туркистон ҳудудини тезлик билан равнақ топтириш учун камида 1 миллион халқни Туркия ва Германияга иш ва ўқишга йўллаш эди. Шу боис Бухородан Мусо Сайиджонов, Тошкент шаҳридан Рафъат Ҳаким билан бирга 1922 йилда талабаларни Германияга ўқишга йўллашда бош-қош бўлади. Афсуски, ташкилот 1922 йилнинг сентябрь ойида фаолиятини тўхтатади.

Булардан англашиладики, Акобир Шомансуров Самарқанд жадидлари орасида муҳим шахсиятлардан бири бўлган. “Кўмак”, “Нашри маориф” жамиятларининг тадбирларида ҳам фаол иштирок этган. Шунинг учун у 1923 йилда Зокирий деган чекист томонидан отиб ўлдирилган.

А.Шомансуров Самарқанд шаҳридаги “Абу Дарун” қабристонига дафн этилган.

Баҳром Ирзаев,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори.