Акс-садо: «виждонини сотган» кимса жамият заволи

Мақолани ўқиб, унда ёзилган фикрлар айнан бугун айтиладиган гап, деган хулосага келдим. Чунки мақоладаги “Вақтида дўкон очиб, ўғринча мол сотиб, данғиллама иморат қурган, қўшхотинли шахс, ўз ҳамтовоқлари туфайли касодга учраб, касаллик орттириб, энди ҳар куни портал орқали давлатдан ёрдам сўраб турганда унга унинг кимлигини айта оляпмизми?”, деган гапларни ўқиган ҳар қандай мушоҳада юритадиган онгли одам узоқ ўйга толади. Негаки, бундай ҳолатлар кунда-шунда атрофимизда содир бўляпти, кўпчилик эса бу ҳолатга эътиборсиз «Сен менга тегма, мен сенга тегмайман» қабилида иш тутмоқда.

Ахир ўзингиз айтинг, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб замирида инсон омили, унинг манфаатлари мужассам, бу жараёнда шу юртнинг фарзандиман, деган ҳар бир фуқаро тараққиётимизнинг янги босқичидаги ўзгаришлар жараёнида бир ёқадан бош чиқариб, ҳамфикр бўлиши, ҳаракат қилиши керак эмасми? Бу юксак ишларни амалга оширишда биз нечоғли фаолмиз? Бу борада виждонимиз талаб қилган ишни бажараяпмизми? Аксинча, юртимизда бўлаётган ўзгаришларни кўриб, била туриб, ўз манфаати йўлида ҳеч нарсани кўрмадим, билмадим дейишлик ўта виждонсизлик эмасми?

«Виждонини сотган» кимсалар жамиятда тарқоқликни келтириб чиқаради. Тарқоқликка юз тутилганда юксалиш бўлмайди. Шундай экан, мақола хулосасида таъкидланганидек, жамият, давлат сиёсати хусусида хулоса айтишдан олдин ўз виждонингиз тарозисининг икки палласини диққат билан кузатинг, ўшанда адашмайсиз.

Зоҳир ЮСУПОВ.